Қишлоқ хўжалигида техникалар парки янгиланиб, рақамли ечимлар кенг жорий этилади
Президент Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалигини махсус техника билан таъминлаш ҳамда соҳага рақамли технологияларни кенг жорий этиш юзасидан тақдимот билан танишди.
Бугунги кунда қишлоқ хўжалигида механизация даражаси 81 фоизни ташкил этмоқда. Жумладан, сўнгги йилларда 1 минг 756 та пахта териш машинаси харид қилинди ва пахта теримининг механизация даражаси 52 фоизга етди. Ўтган мавсумда 2,1 миллион тонна пахта машина ёрдамида йиғиб олинган. Бунинг ҳисобига кейинги беш йилда қўл меҳнати 1,8 баробар қисқарди.
Навбатдаги вазифа – пахтани машинада териш улушини камида 70 фоизга етказиш. Бунинг учун 2026 йилда 800 та пахта териш машинаси, шунингдек, 6 мингта сеялка, трактор ва комбайн харид қилиниши режалаштирилган. Умуман, йил давомида 10 мингта янги техника харид қилиниб, қишлоқ хўжалиги техникалари парки 292 мингтага етказилиши кўзда тутилган.
Янги техникаларни фермерларга қулай шартларда лизингга бериш мақсадида халқаро молия институтларидан 400 миллион доллар жалб қилинади. Техникалар миллий валютада 2 йиллик имтиёзли давр билан 10 йилга 18 фоиз ставкада берилиб, кредит ставкасининг 8 фоизи бюджет ҳисобидан қоплаб берилади.

Тақдимотда мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги машинасозлигини ривожлантириш, маҳаллий ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишни кенгайтириш устувор вазифа экани таъкидланди.
2026-2028 йилларда маҳаллий ишлаб чиқариладиган техника ва агрегатлар ҳажмини 5 баробарга, маҳаллийлаштириш даражасини қўшимча 10 фоизга ошириш муҳим экани кўрсатиб ўтилди. Хусусан, 2026 йилда ишлаб чиқариш 6 минг донагача етказилиши, 2028 йилга қадар маҳаллийлаштириш кўрсаткичи ўзиюрар техникада 30-35 фоизга, осма ва тиркамали техникада 60-65 фоизга чиқарилиши режалаштирилган.
Техника ва агрегатларни сотиб олишда субсидиялашнинг амалдаги тизимини маҳаллийлаштириш даражаси 25 фоиздан юқори бўлган техникага татбиқ этилмоқда. Тақдимотда талаб юқори бўлган 3 турдаги импорт техника бўйича ҳам субсидия ажратишни йўлга қўйиш таклиф қилинди. Умуман, жорий йилда техника қийматининг 15 фоизини қоплаш учун 660 миллиард сўм субсидия йўналтирилиши кўзда тутилган.
Тақдимотда Тошкент трактор заводи фаолиятини соғломлаштириш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари ҳам кўриб чиқилди.

Соҳада замонавий банк хизматларини йўлга қўйиш, рақамли технологиялар ва сунъий интеллектга асосланган ечимларни жорий қилиш борасидаги ишлар ҳам тақдимот қилинди.
2025 йилда “Агробанк” АТБ томонидан қишлоқ хўжалиги техникаси учун 1,6 триллион сўмлик кредитлар ажратилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткични 3,9 триллион сўмга етказиш кўзда тутилган. Кредитлаш жараёнларини автоматлаштириш натижасида кредит ажратиш муддати 3 кундан 3 соатгача қисқариши кутилмоқда.
Бундан ташқари, мижозларга комплекс қишлоқ хўжалиги хизматлари кўрсатилади. Бунда ҳар бир ҳудудда биттадан агрохизмат зоналари ташкил этилади ва уларда қишлоқ хўжалиги агенти фаолият юритади. Ушбу зоналарда фермерлар бир жойнинг ўзида банк, консалтинг, мониторинг, тупроқ таҳлили, кўчат етказиб бериш хизматлари, агроном маслаҳатидан фойдаланишлари, ўқув курслари ҳақида маълумот олишлари мумкин бўлади.

Банкнинг чорвачилик ва мевачиликда, сувни сарфини “ақлли” бошқаришда сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича пилот лойиҳаларни амалга ошириш, қишлоқ хўжалигида стартапларни молиялаштириш мақсадида устав капитали 100 миллиард сўмлик янги венчур компаниясини таъсис этиш борасидаги режалари ҳам кўриб чиқилди.
Давлатимиз раҳбари таклифларни маъқуллаб, қишлоқ хўжалигида механизация даражасини янада ошириш, маҳаллий ишлаб чиқариш ва сервисни ривожлантириш, рақамли платформалар орқали мониторинг ва молиявий хизматларни яхшилаш юзасидан мутасаддиларга бир қатор кўрсатмалар берди.
ЎзА
Ўзбекча
English
Русский