Ўзбекистонда 2019 йил 3-7 сентябрь кунлари “Пенитенциар муассасалар мониторинги” мавзуида тренинг ўтказилади. Ушбу тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси ҳамда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича Минтақавий ваколатхонаси томонидан ташкил этилмоқда.
Тренингда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази мутахассислари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этади.
Тренингдан кўзланган мақсад – пенитенциар муассасалар ва бошқа ёпиқ муассасаларни мониторинг қилиш бўйича халқаро ҳамда хорижий тажриба билан танишишдан иборат.
Шунингдек, тадбир иштирокчиларига бу борада мониторинг ўтказиш ва унинг якунлари бўйича маърузалар тайёрлаш кўникмаларини ўргатиш кўзда тутилган.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 10 декабрда қабул қилинган “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига кўра, Марказ жазони ижро этиш муассасалари, қамоқхоналар ва махсус ҳибсхоналарни монеликсиз кириб кўриш ҳуқуқига эга ҳисобланади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 29.08.2019
- Кўришлар: 5788
- Чоп этиш