3 декабрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Ирқий камситишларга барҳам бериш бўйича қўмитасининг 100-сессиясида БМТ Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги халқаро конвенцияси қоидалари бажарилиши юзасидан Ўзбекистоннинг Ўнинчи – Ўн иккинчи қўшма даврий маърузалари кўриб чиқилди.
Шу муносабат билан Женева шаҳрига ташриф буюрган мамлакатимиз делегацияси раҳбари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов Ўзбекистон даврий маърузаларини БМТ Қўмитаси мажлиси иштирокчиларига тақдим этди.
Делегация аъзолари – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Алия Юнусова, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Азиз Тошпўлатов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустамбек Қурбонов асосий тақдимотга қўшимчалар билан сўзга чиқди.
БМТ Ирқий камситишларга барҳам бериш бўйича қўмитаси сессияси мажлисини ушбу Қўмита раиси Амир Нуреддин (Жазоир) бошқарди. БМТ Қўмитаси номидан ушбу Қўмита раисининг ўринбосари Яньдуань Ли (Хитой) Ўзбекистон даврий маърузалари бўйича маъруза қилди.
Сессияда Ўзбекистоннинг даврий маърузалари очиқ, кенг ва атрофлича муҳокама қилинди. Мунозараларда БМТ Қўмитаси раисининг ўринбосари Мурильо Мартинес Пастор Элиас (Колумбия), шунингдек, Қўмитанинг 13 нафар аъзоси, жумладан, Чин-Сен Чун (Корея Республикаси), Диаби Бакари Сидики (Кот-д'Ивуар), Дах Фатимата-бинта Виктуар (Буркина Фасо) ва бошқалар аниқлаштирувчи саволлар билан фаол қатнашди.
* * *
4 декабрь куни БМТ Ирқий камситишларга барҳам бериш бўйича қўмитасининг сессиясида Ўзбекистоннинг даврий маърузалари муҳокамаси давом эттирилди.
Мамлакатимиз делегацияси раҳбари А.Саидов БМТ Қўмитаси аъзоларидан тушган саволларга батафсил жавоб қайтарди.
Сессия иштирокчиларига БМТ Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги халқаро конвенцияси қоидалари бажарилиши юзасидан Ўзбекистонда 2018 йилгача амалга оширилган ишларга доир тарқатма материаллар етказилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 06.12.2019
- Кўришлар: 5327
- Чоп этиш