26 июнь — БМТ Низоми қабул қилинган кун
Тинчлик йўлидаги ҳамкорлик
“Биз, Бирлашган Миллатлар халқлари, келажак авлодларни ҳаётимизда икки марта инсониятга ифодалаб бўлмайдиган ғам-ғусса келтирган уруш кулфатларидан халос этишга қатъий аҳд қилиб, ўз куч-ғайратимизни шу мақсадларга эришиш учун бирлаштиришга... қарор қилдик”.
БМТнинг асосий ҳужжати — унинг Низоми ана шундай кириш сўзлар билан бошланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, 1945 йилда асос солингандан буён БМТ халқаро миқёсда тинчлик ва хавфсизликни сақлаш, барқарор ривожланишни таъминлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлашда марказий мувофиқлаштирувчи роль ўйнайдиган том маънодаги универсал халқаро тузилмага айланди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти халқаро хавфсизлик ва тинчликни мустаҳкамлаш ва қўллаб-қувватлаш, шунингдек турли давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун тузилган халқаро ташкилот ҳисобланади.
Миллатлар лигаси 1939-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушининг олдини ололмади. БМТ эса Миллатлар лигаси камчиликларини бартараф этиш учун халқаро тинчликни қўллаб-қувватлаш ҳамда иқтисодий, ижтимоий ва гуманитар характердаги халқаро муаммоларни ҳал этиш, шунингдек мулоқот йўлида платформа яратиш мақсадида ташкил этилди.
БМТ Бош котиби А.Гутерришнинг қайд этишича, “Иккинчи жаҳон уруши фожеаси туфайли халқаро ҳамжамият бирлашди ва халқаро тинчлик ҳамда хавфсизликни мустаҳкамлаш мақсадида БМТни тузишга қарор қилди. БМТ Низоми Европада уруш тугашидан бор-йўғи бир ярим ой ўтгандан кейин 1945 йил 26 июнь куни Сан-Францискода (АҚШ) 50 та давлат томонидан бир овоздан қабул қилинган ва имзоланган эди. У 1945 йил 24 октябрь куни расман кучга кирган ва бу кун БМТ ташкил топган кун ҳисобланади”.
Низом БМТнинг қуйидаги мақсадларини ўзида мустаҳкамлайди:
— келажак авлодни уруш фалокатидан халос этиш;
— адолат ва ҳурмат биринчи даражадаги муҳим тамойилга айланган шароит яратиш;
— катта эркинлик остидаги ижтимоий фаровонлик ва ҳаёт шароитларини яхшилашга кўмаклашиш;
— бағрикенглик кўрсатиш ва биргаликда, яхши қўшнилардек ўзаро тинч-тотув, аҳил яшаш;
— халқаро тинчлик ва хавфсизликни қўллаб-қувватлаш учун кучларни бирлаштириш;
— миллатлар (халқлар) ўртасидаги дўстона муносабатларни ривожлантириш;
— инсон ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаш ва хотин-қизларга нисбатан камситишларни бартараф этиш, мамлакатлар кучларини халқаро терроризм ва жиноятчилик, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши ва коррупцияга қарши бирлаштириш.
БМТ Низоми Муқаддима ва 111 та моддани ўз ичига олган 19 та бобдан иборат. Муқаддима иккита асосий қисмдан ташкил топган. Биринчи қисм тинчлик, халқаро хавфсизлик ва инсон ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаш учун умумий чақириқлардан иборат. Иккинчи қисмда эса Низомни имзолаган барча давлатлар унинг моддаларига риоя этишга мажбур эканлиги таъкидланган. Бундан ташқари, ушбу давлатларнинг бу борадаги мажбуриятлари бошқа халқаро шартномаларда белгилаб берилган мажбуриятларидан устун эканига урғу берилган. Шунингдек, Низомдан минтақавий келишувлар, халқаро иқтисодий ва ижтимоий ҳамкорлик, ўзини ўзи бошқармайдиган ҳудудлар ва васийлик тизимига оид боблар жой олган.
Эътиборлиси шундаки, БМТ Низоми инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида глобал қўллаб-қувватланган биринчи ҳужжатдир. Ундаги инсон ҳуқуқларига оид қоидалар орадан уч йил ўтиб, 1948 йилда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида мустаҳкамлаб қўйилди.
БМТ аъзолари халқаро ҳуқуқнинг қуйидаги умумэътироф этилган тамойилларига мувофиқ ҳаракат қилишлари керак:
— куч ишлатмаслик ва куч билан таҳдид қилмаслик;
— низоларни тинч йўл билан ҳал этиш;
— бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик;
— давлатларнинг ўзаро ҳамкорлик қилиш мажбурияти;
—халқларнинг тенг ҳуқуқлилиги ва ўз тақдирини ўзи белгилаши;
— давлатларнинг суверен тенглиги;
— давлат чегараларининг дахлсизлиги;
— давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги;
— инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳурмат қилиш.
Маълумки, БМТга аъзо давлатлар сони 193 та. Хўш, ташкилот қандай қилиб муваффақиятли фаолият олиб боряпти? Буни учта омил билан изоҳлаш мумкин.
Биринчидан, БМТ ўзига аъзо мамлакатларга тенг муносабатда бўлади, барчага бирдек ҳурмат кўрсатади. Бу халқлар ўртасидаги нотенгликни камайтиради ва кичик давлатларга ҳам ўз позицияларини билдиришлари учун реал имконият беради.
Иккинчидан, БМТ резолюциялари унинг барча аъзолари томонидан қабул қилинади, БМТ тузилмалари эса умумқабул қилинган принципларга мувофиқ тарзда ёрдам ва маблағларни тақдим этади.
Учинчидан, БМТ давлатларнинг халқаро майдондаги ўзини тутишига дахлдор истакларига таъсир кўрсатиши мумкин. Деярли барча ҳукуматлар ўзларини тизимнинг ижобий иштирокчилари сифатида қабул қилинишини хоҳлайди ва улар БМТ органлари томонидан билдириладиган глобал тавсиялар асосида ўз сиёсатларини мунтазам тўғрилаб борадилар.
Бош котиб Антониу Гутерриш БМТ эришган ютуқлар ҳақида тўхталар экан, инсониятнинг учинчи жаҳон урушидан қочишга муваффақ бўлгани бу борадаги энг улкан натижа эканини таъкидлаб, шундай дейди:
“75 йил давомида бирорта катта уруш рўй бермади, биз учинчи жаҳон урушидан қочишга муваффақ бўлдик. БМТ ва бошқа ташкилотлар саъй-ҳаракатлари шарофати билан башарият ушбу 75 йил давомида Биринчи ва Иккинчи жаҳон уруши каби ҳалокатли вазиятга тушиб қолмасдан яшашнинг уддасидан чиқди. Бу бугунги кундаги энг асосий ютуғимиздир”.
Зеро, британиялик давлат ва сиёсат арбоби Уинстон Черчилл эътироф этганидек, “БМТни биз жаннатдан жой олишимиз учун эмас, балки бизни дўзахдан қутқариб қолишлари учун тузишган”.
БМТ ўз Низомида тақдим этилган ваколатлари ва ўзининг ноёб халқаро хусусиятидан келиб чиқиб, XXI асрда инсоният олдида турган тинчлик ва хавфсизлик, иқлим ўзгариши, барқарор ривожланиш, инсон ҳуқуқлари, қуролсизлантириш, терроризм, гуманитар ва фавқулодда вазиятлар, гендер тенглик, бошқарув, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш каби долзарб масалалар бўйича қарорлар қабул қилиши мумкин.
Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотига янги суверен, мустақил давлат сифатида 1992 йилнинг 2 мартида аъзо бўлди. Ушбу универсал халқаро ташкилотга кирганидан бери мамлакатимиз БМТ ва унинг турли йўналишларга ихтисослаштирилган ташкилотлари билан самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Кўп қиррали ўзаро муносабатларнинг асосий устувор йўналишлари — хавфсизлик, замонавий таҳдидларга қарши курашиш, Афғонистонни барқарорлаштириш ва тиклаш, оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик, экологик муаммоларни бартараф этиш, жумладан, Орол фожеаси оқибатларини юмшатиш, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш, туризмни тараққий топтириш ва бошқалардир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида иштироки Ўзбекистоннинг ушбу нуфузли ташкилот билан ўзаро муносабатларидаги тарихий босқич бўлди. Унда давлатимиз раҳбари халқаро ва минтақавий тинчликни мустаҳкамлаш, таълим, фан, маданият, экология, туризмни ривожлантириш каби йўналишларда кўплаб ташаббусларни илгари сурди.
Ўзбекистон томонидан кейинги йилларда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар халқаро миқёсда қўллаб-қувватланиб, БМТ Бош Ассамблеясининг “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш”, “Маърифат ва диний бағрикенглик”, “Марказий Осиёда барқарор туризм ва барқарор ривожланиш” деб номланган учта махсус резолюцияси қабул қилинди. Ўзбекистон БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини қабул қилишга доир яна бир ташаббусни илгари сурмоқда.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги мамлакатимиз позицияси Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қоидалари, улардан келиб чиқадиган халқаро келишувларга асосланади. Вена декларацияси ва Харакатлар дастури асосида 2020 йил 22 июнда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий стратегияси қабул қилиниши мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотларнинг ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш институционал механизмларини яратишнинг муҳим босқичи бўлди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган халқаро шартномаларда белгилаб берилган инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида ягона ва мувофиқлаштирувчи сиёсатнинг самарали воситаси бўлишига шак-шубҳа йўқ.
Ўзбекистон БМТ билан барқарор ривожланиш масаласида узвий ҳамкорлик қилади. БМТнинг 2030 йилгача бўлган кун тартибини амалга ошириш мақсадида ҳукуматимиз томонидан Барқарор ривожланиш бўйича 2030 йилгача бўлган даврга мўлжалланган 16 та миллий мақсад ва 125 та вазифа тасдиқланди. Миллий мақсад ва вазифаларни имплементация қилиш бўйича “йўл харитаси” қабул қилинди ва мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилди.
2020 йилда БМТ ташкил топганлигининг 75 йиллиги кенг нишонланади. Бош котиб Антониу Гутерриш ташкилот тарихида энг йирик “БМТ 75 йиллиги: 2020 йил ва ундан сўнг – умумий кучлар билан умумий келажак сари” деб номланган (қисқача номи: "БМТ-75”) глобал муҳокама ўтказиш ташаббуси билан чиқди.
Шу йил 26 июнда БМТ бош қароргоҳида ушбу нуфузли ташкилот Низоми қабул қилинганлигининг 75 йиллигига бағишланган байрам тантанаси бўлиб ўтади. Тарихий воқеа муносабати билан ўтказиладиган ушбу онлайн шаклдаги маросим БМТнинг юбилей йилидаги дастлабки йирик тадбири бўлади ва 75 йилда илк бор видеоформатда ўтказилади.
Барқарор ривожланиш концепциясига ва юбилейни нишонлашда муносиб ҳисса қўшишга тарафдор эканлигини энг юқори даражада намоён этиб, Ўзбекистон “БМТ—75” халқаро кампаниясини қўллаб-қувватлади. БМТ олдида турган энг долзарб таҳдидларни муҳокама қилиш мақсадида, шунингдек халқаро майдонда Ўзбекистоннинг роли ўсиб бораётганлигини ҳисобга олиб, мамлакатимиз “Ўзбекистон ва БМТ: БРМга эришиш йўлидаги ҳамкорлик” мавзусида халқаро форум ташкил қилиш орқали “БМТ 75 йиллиги: келажакка назар” тадбирлар туркумига қўшилди.
Ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш мақсадида Ўзбекистон БМТ ва унинг ихтисослаштирилган ташкилотлари билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича тадбирлар режасини (“йўл харитаси”) қабул қилди. Ташкилотнинг 75 йиллигини тантанали нишонлаш борасида ҳамкорликдаги тадбирлар режаси имзоланди.
Ушбу “йўл харитаси” асосида 2021 — 2023 йиллар давомида БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияси ва Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш бўйича БМТ Бош Ассамблеясининг резолюциясини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, БМТнинг сайланадиган органларига, жумладан, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига Ўзбекистон номзодини кўрсатиш борасида изчил фаолият амалга оширилади.
Мустаҳкам тинчликнинг фаол тарафдори ва ҳамкорликни ҳар томонлама кенгайтириш ташаббускори сифатида Ўзбекистон бундан кейин ҳам БМТ ва унинг аъзолари бўлган давлатлар билан узвий боғлиқликда иш олиб боришга катта эътибор қаратади.
Акмал САИДОВ,
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази директори
- Қўшилди: 26.06.2020
- Кўришлар: 5191
- Чоп этиш