2020 йил 4 ноябрь куни Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши омбудсманлари ва инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларининг онлайн йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда Туркий Кенгашга аъзо мамлакатлар - Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Шимолий Кипрнинг инсон ҳуқуқлари бўйича институтлари раҳбарлари иштирок этди.
Онлайн йиғилишда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари юзасидан илғор тажрибалар билан алмашиш, Туркий Кенгашнинг инсон ҳуқуқлари омбудсманлари уюшмасини тузиш, COVID-19 пандемияси даврида мамлакатларда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳолати масалалари муҳокама қилинди.
Муҳокамаларни Туркия Республикаси Бош омбудсмани Шереф Малкоч очди. Муҳокамаларда сўзга чиққанлар Туркий Кенгашнинг омбудсманлари уюшмасини тузиш ва COVID-19 пандемияси даврида инсон ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Йиғилишда қатнашган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилло Тиллабаев Туркий Кенгашга аъзо мамлакатларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ўзаро ҳамкорлиги кўламини кенгайтириш, уни Омбудсманлар уюшмаси сифатида эмас, балки Аъзо давлатлар инсон ҳуқуқлари институтларининг уюшмаси сифатида ташкил қилиш мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги ғояни илгари сурди.
Йиғилиш қатнашчилари кўтарилган масалалар муҳокамасини кейинги йиғилишларда яна давом эттиришга келишиб олишди.
Маълумот учун: Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши халқаро ҳукуматлараро ташкилот бўлиб, фаолиятининг асоси туркий тилли мамлакатлар ўртасида дўстлик ва қўшничиликни мустаҳкамлаш, ҳудудда ва жаҳонда тинчликни сақлаш, хавфсизлик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашга қаратилган. Ушбу Кенгаш 2009 йилда Озарбайжонда Нахичеван битимини имзолаш асносида таъсис этилган.
Туркий Кенгаш Котибияти Истанбулда жойлашган. Кенгаш ташкил топган пайтда Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизистон унинг доимий аъзоси бўлган. 2019 йилда Кенгашга Ўзбекистон қўшилди. Венгрия эса 2018 йилдан тузилма ишида кузатувчи сифатида иштирок этмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 04.11.2020
- Кўришлар: 3759
- Чоп этиш