10 декабрь куни Халқаро инсон ҳуқуқлари кунига бағишлаб ташкил этилган “Янги Ўзбекистон ва инсон ҳуқуқлари” мавзуидаги туркум халқаро тадбирлар доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Малайзия Миллий комиссияси ўртасида Англашув меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Марказ томонидан ушбу Меморандум Ўзбекистон Президенти тасдиқлаган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси ижроси доирасида тузилди. Бу муҳим қадам замирида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро ва минтақавий тузилмалар, хорижий мамлакатларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари билан ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсади мужассамдир.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, Инсон ҳуқуқлари бўйича Малайзия Миллий комиссияси раиси Тан Шри Осман бин Ҳошим, Ўзбекистон Республикасининг Малайзиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Равшан Усмонов, Малайзиянинг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Хенди Ассан иштирок этди.
Меморандумни имзолаш маросимида, шунингдек мамлакатимиз вазирлик ва идоралари, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари ва дипломатик корпус вакиллари қатнашди.
Меморандум инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кўзда тутади. Шу маънода, ушбу ҳужжат инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро конвенциялар ва битимлар бўйича давлат мажбуриятларига риоя этишга кўмаклашиш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш масалалари юзасидан ахборот ва адабиётлар ҳамда ўзаро тажриба алмашишга қаратилган.
Меморандумнинг асосий йўналишларидан бири – маҳаллий, миллий ва халқаро даражада инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштириш мақсадида қўшма амалий ва илмий-тадқиқот ишлари, ахборот-маърифий тадбирлар, илмий-амалий анжуманлар, семинарлар, тренинглар ташкил этишдан иборат.
Бундан ташқари, томонларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини амалга ошириш соҳасида тажриба, ахборот ва таҳлилий материаллар алмашиши назарда тутилган.
Тадбир иштирокчилари замонавий дунёда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар. Бунда, жумладан, Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш доирасида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш соҳасидаги Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатининг асосий йўналишларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мулоқот асносида икки томонлама ҳамкорлик доирасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва унга риоя этиш масалалари бўйича мунтазам икки томонлама маслаҳатлашувлар ўтказиш режалаштирилгани таъкидланди.
Томонлар ушбу Меморандум доирасида ва ўз давлатларининг миллий қонунчилигига мувофиқ инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида тенглик, ўзаро ҳурмат ва манфаатдорлик асосида ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар.
Маълумот учун: Инсон ҳуқуқлари бўйича Малайзия Миллий комиссияси Малайзияда 1999 йилда қабул қилинган қонунга биноан ташкил этилган. Комиссиянинг асосий ваколатлари қуйидагилардан иборат:
- Малайзия ҳукуматига қонун ҳужжатлари ишлаб чиқилишида маслаҳат ва ёрдам бериш ҳамда бу борада зарур чоралар кўриш;
- инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро шартномалар ва бошқа халқаро ҳужжатларга қўшилиш ва ратификация қилиш бўйича тавсиялар бериш;
- инсон ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ шикоятларни кўриб чиқиш;
- инсон ҳуқуқлари соҳасида хабардорликни ошириш ва таълим беришни қўллаб-қувватлаш.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 10.12.2020
- Кўришлар: 3783
- Чоп этиш