Москва: Акмал Саидов Валерий Фадеев билан учрашди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов 28 январь куни Москва шаҳрида Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш раиси Валерий Фадеев билан учрашди.

Мулоқот чоғида Марказ билан мазкур Кенгаш ўртасидаги ҳамкорликнинг имкониятлари ва истиқболлари муҳокама қилинди. Томонлар 2019 йили Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш ўртасида тасдиқланган ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум бу борада янги ҳамда самарали қадамларни қўйиш учун мустаҳкам замин бўлишини таъкидладилар.

Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Лойиҳага мувофиқ, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий стратегияси ва уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланади.

Хусусан, жамоатчилик назоратини янада кучайтириш, давлат ва жамият ўртасида ўзаро яқин ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Жамоатчилик палатасини ташкил этиш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва инсон ҳуқуқлари маданиятини ошириш соҳасидаги хизматлар учун ҳар йили Халқаро инсон ҳуқуқлари кунида тақдим қилинадиган “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” Миллий мукофотини таъсис этиш мўлжалланмоқда.

Бу борада Россия томонининг амалий тажрибаси фойдали экани ҳақида фикр юритилди. Бинобарин В.Фадеев 2005 йилда Россия Федерацияси Жамоатчилик палатасини ташкил этиш ишларининг бошида турган. У, шунингдек, 2017-2019 йилларда ушбу Палатанинг котиби лавозимида ишлаган.

Маълумки, 2020 йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми ўтказилади. Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш раиси ушбу халқаро анжуманда иштирок этиш учун таклиф этилди.

 

Маълумот учун: Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш Россия давлат раҳбари ҳузурида фаолият олиб борадиган маслаҳатлашув органи ҳисобланади. Кенгашнинг ташкил топиш тарихи  Россия Биринчи Президентининг 1993 йил 26 сентябрдаги Фармони билан боғлиқ.

Кенгаш раиси – таниқли журналист, телебошловчи ва жамоат арбоби Валерий Александрович Фадеев Россия Федерацияси Президентининг маслаҳатчиси ҳамдир. У 1960 йили Тошкентда туғилган.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech