Адлия вазирлиги тизими раҳбарлари – махсус ўқув модули тингловчилари

3 декабрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан “Инсон қадр-қиммати – энг олий қадрият” махсус ўқув модулининг навбатдаги машғулоти ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тизимидаги раҳбар ходимлар иштирок этди.

Ўзбекистон қийноқлар ва шафқатсиз муомаланинг бошқа турларини тақиқлашга доир муайян халқаро мажбуриятларни зиммасига олган. Хусусан, мамлакатимиз БМТнинг Қийноқларга қарши конвенцияси, Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция, 1949 йилги 4 та Женева конвенцияси ва уларнинг Биринчи ҳамда Иккинчи Факультатив протоколларига қўшилган. 

БМТнинг Қийноқларга қарши конвенциясида "қийноқлар" тушунчасига таъриф берилган. Шунингдек, давлатларнинг қийноқлар ва шафқатсиз муомаланинг бошқа турларини тақиқлаш ва уларнинг олдини олиш борасидаги мажбуриятлари баён этилган. БМТ Қийноқларнинг олдини олиш бўйича қўмитаси давлатлар томонидан ана шу талабларга риоя этилишини назорат қилади.

БМТ Қийноқларнинг олдини олиш бўйича кичик қўмитаси раиси ўринбосари Виктор Захария олиб борган машғулот қийноқлар ва шафқатсиз муомаланинг бошқа турларини тақиқлаш ҳамда уларнинг олдини олиш борасидаги халқаро стандартлар таҳлилига бағишланди. Шунингдек, адлия органлари ходимларининг ушбу илғор андозалардан ҳуқуқни қўллаш фаолиятида фойдаланишга доир билимлари ва кўникмаларини оширишга эътибор қаратилди.

Вебинар шаклидаги машғулот БМТ Тараққиёт дастури ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий офиси билан ҳамкорликда ҳамда Тошкент давлат юридик университети кўмагида ташкил этилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech