Миллий гвардия ва Ҳарбий-техник институт раҳбар шахслари учун вебинар

16 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси марказий аппарати ва Ҳарбий-техник институт раҳбар шахслари “Инсон қадр-қиммати – энг олий қадрият” махсус ўқув модули машғулотларининг тингловчилари бўлди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан ташкил этилган ўқув модули халқаро экспертлар иштирокида ўтказилди.

БМТ Қийноқларнинг олдини олиш бўйича кичик қўмитаси раиси ўринбосари Виктор Захария олиб борган машғулот қийноқлар ва шафқатсиз муомаланинг бошқа турларини тақиқлаш ҳамда уларнинг олдини олиш борасидаги халқаро стандартлар таҳлилига бағишланди. Шунингдек, тингловчиларнинг ушбу илғор андозалардан ҳуқуқни қўллаш фаолиятида фойдаланишга доир билимлари ва кўникмаларини оширишга эътибор қаратилди.

Вебинар шаклидаги машғулот БМТ Тараққиёт дастури ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий офиси билан ҳамкорликда ҳамда Тошкент давлат юридик университети кўмагида ташкил этилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech