24 декабрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан ЕҲҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси офиси билан ҳамкорликда “Инсон қадр-қиммати – энг олий қадрият” махсус ўқув модулининг навбатдаги машғулоти ўтказилди. Машғулотларда Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьялари иштирок этди.
БМТ Қийноқларнинг олдини олиш бўйича кичик қўмитаси раиси ўринбосари Виктор Захария олиб борган машғулотда қийноқлар ва шафқатсиз муомаланинг бошқа турларини тақиқлаш ҳамда уларнинг олдини олиш борасидаги халқаро стандартларнинг мазмун-моҳияти атрофлича ўрганилди.
Вебинар шаклидаги машғулотларда БМТнинг Қийноқларга қарши конвенциясида баён этилган давлатларнинг қийноқлар ва шафқатсиз муомаланинг бошқа турларини тақиқлаш ва уларнинг олдини олиш борасидаги мажбуриятлари ҳақида ҳам сўз борди. Қийноқларнинг олдини олиш ва қийноқ жабрдийдаларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қонунчилиги билан бу борадаги инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларнинг ўзаро уйғунлиги қиёсий таҳлил қилинди.
Тингловчилар қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмларнинг фаолияти билан таништирилди. Шунингдек, Ўзбекистон ратификация қилган халқаро-ҳуқуқий шартномалардаги тегишли нормалар мамлакатимиз судьялари томонидан судлов амалиётида қўлланилишининг аҳамияти, айни соҳадаги билим ва кўникмаларни ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 25.12.2020
- Кўришлар: 3849
- Чоп этиш