Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов 10 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги таклифига биноан мамлакатимизга ташриф буюрган 20 нафар элчи – Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) иштирокчи мамлакатларининг Вена шаҳридаги доимий вакилларидан иборат делегация аъзолари билан учрашди.
А.Саидов мамлакатимиз билан ЕХҲТ ўртасида фаол ҳамкорлик йўлга қўйилганини таъкидлади. Ўзбекистон мустақилликнинг дастлабки йилларидан мазкур ташкилотга аъзо бўлган ва унинг деярли барча фаолият йўналишларида иштирок этиб келмоқда. Ўзаро расмий ташрифлар сони изчил ортмоқда.
Хусусан, жорий йил май ойида мамлакатимизга ЕХҲТнинг амалдаги раиси, Словакия ташқи ва Европа ишлари вазири Мирослав Лайчак ташриф буюрди.
Сентябрь ойида Варшавада бўлиб ўтган ЕХҲТнинг инсонийлик мезонларига оид мажбуриятлари бажарилиши муҳокамасига бағишланган 23-йиғилишида Ўзбекистон делегацияси аъзолари қатнашди.
Бу йил 22 декабрь куни мамлакатимизда Парламент ва маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларни биргина ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг уч юзга яқин вакили кузатиб бориши кутилмоқда. Шу кунларда юртимиз ҳудудларида ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалар мувофиқлаштирувчиси офиси билан ҳамкорликда сайлов бўйича экспертлар иштирокида семинар-тренинглар ташкил қилинаётгани муҳим экани таъкидланди.
Мулоқот чоғида мамлакатда 2017 йили тасдиқланган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси” ижроси доирасида амалга оширилаётган шиддатли демократик ислоҳотлар улкан самаралар бераётгани эътироф этилди.
Ўзбекистоннинг Австриядаги элчихонаси томонидан ташкиллаштирилган ушбу делегация аъзоларида, айниқса, давлат идоралари билан халқ ўртасидаги амалий мулоқотнинг ноёб “нау-хау”си – Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Халқ қабулхоналари фаолияти катта таассурот қолдирди. Таъкидланганидек, ушбу тизимга кейинги йилларда келиб тушган 3 миллиондан зиёд мурожаатда кўтарилган муаммоларнинг ҳозирга қадар 80 фоизидан ортиғи ижобий ҳал этилган.
Учрашувда томонларни қизиқтирган бошқа долзарб масалалар ҳам кўриб чиқилди. Келгусида жамиятни демократлаштириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, қонун устуворлигини таъминлаш бўйича энг муҳим вазифаларни амалга ошириш, минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Мазкур нуфузли делегация ташрифи Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан ЕХҲТ ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик муносабатларини янги ва юқори босқичга кўтаришига ишонч билдирилди.
Маълумот учун: 2019 йил 24 сентябрда Нью-Йорк шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан ЕХҲТ Бош котиби Томас Гремингер ўртасида бўлиб ўтган суҳбат чоғида икки томонлама алоқаларни янада чуқурлаштириш ва кенгайтиришга содиқлик тасдиқланган, дейилади вазирлик сайти хабарида. Учрашувда Ўзбекистон ва ЕХҲТ ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш билан боғлиқ бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилган.
Томас Гремингер декабрь ойидаги бўлажак парламент сайловини халқаро демократик стандартларга тўлиқ мос равишда шаффофликни таъминлаган ҳолда ва адолатли ўтказиш бўйича Ўзбекистон раҳбариятининг саъй-ҳаракатларини олқишлаган. ЕХҲТнинг Бош котиби Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюро мамлакатга халқаро кузатувчилар сифатида биринчи марта тўлақонли делегацияни жўнатишга тайёр эканини маълум қилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 10.10.2019
- Кўришлар: 5551
- Чоп этиш