Евроосиё Омбудсманлари Альянсининг кенгаши арафасида: видеоконференция шаклидаги ишчи йиғилиши тафсилотлари

22 апрель куни бир қатор давлатларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари вакиллари ўртасида видеоконференцалоқа шаклидаги ишчи йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирда Арманистон, Монголия, Сербия, Тожикистон, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон вакиллари иштирок этди.

Видеоалоқа жараёнида иштирокчилар Евроосиё Омбудсманлари Альянсининг бўлажак кенгашини видеоконференция тарзида ўтказишга доир масалаларни муҳокама қилдилар. Бўлғуси кенгаш коронавирус пандемияси шароитида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш муаммоларига, шунингдек Иккинчи жаҳон уруши тугаганининг 75 йиллигига бағишланади.

Кутилаётган видеокенгашда пандемия даврида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги муаммоларни кўриб чиқиш ва янгича шароитларда миллий институтларнинг ролини муҳокама қилиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, фахрийлар ва кекса авлодга мансуб инсонлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда омбудсманлар ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида тажриба алмашиш ҳамда ўзаро ҳамкорликни такомиллаштириш йўлларини белгилаб олиш кўзда тутилган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази вакиллари мамлакатда COVID-19 пандемияси шароитида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида олиб борилаётган ишлар ҳақида ахборот бердилар.

Хусусан, Ўзбекистон Ҳукумати томонидан коронавируснинг тарқалишига қарши курашишда мавжуд хавф-хатарга нисбатан қатъий, айни чоғда самарадор ва мутаносиб чоралар кўрилаётгани қайд этилди. Бу жараённинг инсон ҳуқуқларига, айниқса, жамиятнинг нисбатан заиф қатлами ҳисобланувчи кексалар, болалар, аёллар, мигрантлар ва маҳкумларнинг ҳуқуқларига кўрсатадиган муқаррар салбий таъсирини юмшатиш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларга алоҳида эътибор қаратилди.

Онлайн учрашув иштирокчилари давлатлар инқирозга қарши қабул қилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлиги кўп жиҳатдан мунтазам асосда ўзаро ишончли ахборот алмашишга боғлиқ эканини таъкидладилар. Бунда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ўртасида COVID-19 пандемиясига қарши курашиш соҳасида тажриба алмашинуви ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech