Пойтахтимизда 9 октябрь куни бўлиб ўтган давра суҳбати шу мавзуга бағишланди. Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси офиси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ва ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси, Элчи Жон МакГрегор давра суҳбати иштирокчиларини қутладилар.
Маълумки, миллатлараро муносабатларнинг мустаҳкамлиги, турли миллатлар орасида тинч-тотувлик ва ўзаро ҳурматни таъминлаш, миллий қадриятларни ҳурмат қилиш ва ривожлантириш ҳар қандай демократик ҳуқуқий давлат ҳамда кучли фуқаролик жамияти ривожининг асосий кафолатларидан ҳисобланади.
Мамлакатимиз миллий ва этник масалалар борасида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) билан фаол ҳамкорлик қилмоқда.
Ўзбекистон мустақилликнинг дастлабки йилларидан мазкур Ташкилотга аъзо бўлган ва унинг деярли барча фаолият йўналишларида иштирок этиб келмоқда. ЕХҲТ ва унинг тузилмалари билан миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш масалалари бўйича яқиндан ҳамкорлик изчил давом этмоқда.
Бугунги кунда 130 дан ортиқ миллат ва эллат вакиллари яшайдиган Ўзбекистонда бу мавзуга давлат ва жамиятни ривожлантиришнинг энг долзарб, стратегик масалаларидан бири сифатида қаралади. Ушбу муҳим масала миллий қонунчиликнинг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади.
“2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”да миллатлараро, динлараро тотувлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ва Ўзбекистонда яшайдиган барча миллатларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга доир устувор йўналиш ва вазифалар белгилаб берилган. Бу борадаги кенг қамровли ислоҳотларда мазкур муҳим ҳужжат дастуриламал бўлмоқда.
Давра суҳбати иштирокчилари ЕХҲТнинг 2012 йили Любляна шаҳрида қабул қилинган «Турфа хил жамиятларнинг интеграцияси бўйича Любляна тавсиялари»дан келиб чиқадиган вазифалар ва уларни бажариш юзасидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритдилар.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган миллатлараро тотувлик сиёсатининг асосий йўналишлари таҳлил этилди. Диний бағрикенгликни таъминлашда миллатлараро тотувликнинг аҳамияти, бу жараёнларда фуқаролик жамияти институтларининг ролига эътибор қаратилди.
Бугунги шиддатли ислоҳотлар самарадорлигини баҳолашда ижтимоий фикрнинг ўрни, интеграция тамойиллари ва интеграция сиёсатининг норматив асослари жуда муҳим экани қайд этилди. Жамиятдаги интеграциялашув сиёсатига оид айрим мамлакатларнинг энг яхши амалиётлари, интеграциявий жараёнлардаги устувор йўналишлар вда бу соҳада учрайдиган айрим қийинчиликлар хусусида қизиқарли фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Давра суҳбатида ЕХҲТ Кам сонли миллатлар иши бўйича Олий комиссарининг маслаҳатчилари Андрей Ханжин ва Эльжбета Кузборска-Пача, Эстониядаги Тарту университетининг Нарва коллежи директори Кристина Каллас каби хорижий экспертлар иштирок этди.
Ўзбекистон томонидан – давлат ҳокимиятининг вакиллик ва ижро этувчи, органлари, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар мутасаддилари, фуқаролик жамияти институтлари фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 09.10.2019
- Кўришлар: 5236
- Чоп этиш