Олий Мажлис Сенатининг йигирма биринчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Оила кодексига эркаклар ва аёллар учун никоҳ ёшини ўн саккиз ёш этиб белгиловчи норма киритилганлиги муҳимлиги қайд этилди. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларининг кафолати Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, миллий қонунчилик, ҳукумат қарорлари ҳамда давлат дастурларида ўз аксини топган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йилнинг 22 апрелидаги «Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори мазкур йўналишдаги ишларнинг мантиқий давомидир.
Қарорга мувофиқ, 2019 йил 1 сентябрдан эркаклар ва аёллар учун никоҳ ёши ўн саккиз ёш этиб белгиланди. Айтиш жоизки, бугунги кунга қадар юртимизда оила қуришнинг энг кичик ёши йигитлар учун 18, қизлар учун 17 ёш этиб белгиланган эди.
Ўз навбатида бу қатор муаммоларни келтириб чиқарар, ҳатто оила аталмиш муқаддас қўрғоннинг бузилиши ҳолатлари кузатиларди. Бунга эса икки томон, яъни келин-куёвнинг никоҳ қуришга тайёр эмаслиги, оилавий муносабатлардан бехабарлиги каби бошқа тамойиллар ҳам сабаб бўлаётганди.
Агар аёл соғлом бўлса, ундан соғлом бола дунёга келади. У бахтиёр она бўлиб, фарзандини бағрига босса, нафақат ўзи, балки бутун бир оила ҳам қувончга тўлади. Бу эса ёш оиланинг мустаҳкам оилалар қаторидан жой олишида муҳим омил бўлади.
Мамлакатимизда баркамол авлодни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Энг муҳими, хотин-қизлар соғлиғини асраш, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган.
Президентимиз ташаббуси билан йигитлар ва қизлар учун никоҳ ёши тенглаштирилгани, яъни 18 ёш этиб белгилангани мамлакатдаги шиддатли ўзгаришлар узлуксиз таълим тизимини жорий этиш, шунингдек, оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш учун шароит яратиши билан аҳамиятлидир. Бу қоида БМТ Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг тавсияси бўйича жорий этилди.
БМТ Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясининг 1-моддасига кўра 18 ёшга тўлмаган ҳар қандай инсон бола ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси мазкур Конвенцияга 1992 йил 9 декабрда қўшилган. Бироқ миллий қонунчилигимизда ўн саккиз ёшга етмаган шахсни никоҳ тузиш ёки турмушга чиқишига рухсат берилиши ҳақидаги норманинг мавжудлиги халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари ва принципларига мувофиқ эмас эди.
Эндиликда Оила кодексининг 15-моддаси биринчи қисми билан никоҳ ёши йигитлар ва қизлар учун 18 ёш этиб белгиланмоқда. Амалда никоҳ ёши йигитлар учун ўн саккиз ёш, қизлар учун ўн етти ёш эди.
Маълумот учун: ФҲДЁ органлари томонидан 17 ёшда никоҳи қайд этилган хотин-қизлар сони 2016 йилда 4233 тани, 2017 йилда 4853 тани ва 2018 йилда 5123 тани ташкил этган.
Қонун қабул қилиниши хотин-қизларнинг эрта никоҳи ва эрта туғуруқнинг олдини олишга хизмат қилади. Қонунни ишлаб чиқиш жараёнида хорижий мамлакатларда никоҳ ёши қандай белгиланганлиги ҳолати ҳам ўрганилган. Жумладан, Россия, Арманистон, Тожикистон, Озарбойжон, Украина, Молдова, Франция, Германия ва Филиппин каби дунёнинг 154 та мамлакатида никоҳ ёши эркаклар ва аёллар учун ўн саккиз ёш этиб белгиланган.
- Қўшилди: 26.08.2019
- Кўришлар: 12076
- Чоп этиш