2020 йилнинг 12-13 август кунлари ёшлар ҳуқуқларини тарғиб қилишнинг долзарб масалаларига бағишланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форумини видеоконференция шаклида ўтказиш режалаштирилган.
Форумнинг мақсади – ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва илгари суриш учун халқаро ҳамда минтақавий восита ва механизмларни такомиллаштиришнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш.
“БМТ – 75” ташаббуслари доирасида Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Ёшлар – 2030” Стратегиясида назарда тутилган барқарор ривожланиш, инқирознинг олдини олиш ва гендер тенгликни таъминлаш, инсон ҳуқуқларини амалга ошириш ва жаҳон маданиятини шакллантиришда ёшларнинг муҳим ролини муҳокама қилишга бағишланган кенг миқёсли тадбир ўтказишни режалаштирган.
БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқишни таклиф қилган эди. Шунга кўра Ўзбекистонда ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенция лойиҳаси тайёрланди.
Тадбирнинг ўтказилиш шакли
Форум уч пленар сессия шаклида бўлиб ўтади:
1-сессия – ёшлар ҳуқуқларининг халқаро стандартларини такомиллаштириш;
2-сессия – ёшлар ҳуқуқлари ва Барқарор ривожланиш мақсадлари;
3-сессия – инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича ёшлар таълими.
Форум иштирокчилари
Фахрий маърузачилар сифатида инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ Олий комиссари, Парламентлараро иттифоқ Бош котиби, БМТнинг ёшлар бўйича махсус элчиси, ЕХҲТнинг Инсон ҳуқуқлари ва демократик институтлар бўйича бюроси директори ва бошқа олий мартабали шахслар таклиф этилиши режалаштирилган.
Форум ишида БМТ, ЕИ, ЕХҲТ, ИҲТ, Африка Иттифоқи тизимидаги ёшлар тузилмалари раҳбарлари, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро миллий институтлар, фуқаролик жамияти институтлари, ёшлар ташкилотлари вакиллари, олимлар ва экспертлар иштирок этиши кутилмоқда.
- Қўшилди: 04.08.2020
- Кўришлар: 80281
- Чоп этиш