БУДАПЕШТ, 25 октябрь. /Дунё" АА/. "Daily News Hungary" нашри вакили Алпар Като (Венгрия) "Дунё" АА учун интервьюсида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Брюсселга буюрган ташрифи якунлари ва Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасида имзоланган Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимнинг аҳамияти ҳақидаги фикрларини билдирди:
– Брюсселга ташриф бурилиш нуқтаси бўлди. Ташриф Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим (EPCA) – Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи билан кейинги ўн йиллик муносабатларини белгилаб берувчи кенг қамровли ҳужжат имзоланиши билан якунланди.
Битимнинг имзоланиши – бу нафақат дипломатик воқеа, балки Ўзбекистоннинг Европанинг Марказий Осиёдаги стратегик ҳамкорларидан бири, глобал савдо, алоқадорлик ва энергия диверсификацияси учун тобора муҳим аҳамият касб этаётган минтақа сифатида расман тан олинишидир.
Бу сиёсий мулоқот ва демократик бошқарувни мустаҳкамлаш, савдо ва инвестицияларнинг эркин ҳаракатига кўмаклашиш, рақамли трансформация ва яшил ўтишни қўллаб-қувватлаш, хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш, шу жумладан терроризм ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш, Марказий Осиё ва Европа ўртасида барқарор транспорт ва энергия алоқаларини ривожлантириш бўйича қўшма мажбуриятни акс эттиради. Шунингдек, EPCA ўзаро тан олиш механизмларини жорий этади ва инвестицияларни ҳимоя қилишда ҳамда Ўзбекистонга сармоя киритувчи Европа компаниялари учун янада шаффоф ва хавфсиз муҳит яратади.
Ўз навбатида, бу 450 миллион аҳолига эга ЕИ бозорини ўзбек товарларининг кенг ассортименти – тўқимачилик ва кимёдан тортиб, қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат ва саноат маҳсулотларигача очиб беради. Битим иқтисодиётни модернизация қилиш ва ўзаро боғланишнинг янги босқичининг тамал тоши бўлади. У Ўзбекистон меъёрлари ва стандартларини ЕИ меъёрлари билан уйғунлаштиради, мамлакатни Европа иқтисодий маконига босқичма-босқич интеграция қилади.
Амалда, бу савдо тартиб-қоидаларини соддалаштириш ва Европа Иттифоқи стандартларига мувофиқ рақамли божхона тизимларини жорий этишни, "Глобал дарвоза" ташаббуси орқали инфратузилма, қайта тикланадиган энергия ва хусусий сектор инновациялари учун ЕИнинг молиявий воситаларига киришни, Ўзбекистоннинг Erasmus+, Horizon Europe дастурларида иштирок этишига ёрдам берувчи қўшма тадқиқот ва таълим дастурлари ҳамда касбий таълим, "яшил" технологиялар ва муҳим хомашё соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришни, ЕИнинг энергетика ўтишини ва Ўзбекистоннинг саноат модернизациясини қўллаб-қувватлашни англатади.
Узоқ муддатли истиқболда Брюссель ва Тошкент Ўзбекистон транспорт ва логистика тармоқларини "Ўрта йўлак" ва Каспий йўналиши орқали Европа таъминот занжирлари билан боғловчи "Марказий Осиё – ЕИ" алоқа йўлагини яратишни мақсад қилган. Бу икки ҳудуд ўртасида савдони тез, "яшил" ва тежамкорроқ йўлга қўйиш имконини беради.
Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар ўсиб бораётган Европа сармояларини, хусусан, Германия, Нидерландия, Италия ва Бельгиядан жалб қилди. EPCA бундай лойиҳаларни кенгайтирилган ҳуқуқий ҳимоя ва ЕИ кредит кафолатларидан фойдаланиш орқали кенгайтиришга ёрдам беради.
Қайта тикланадиган энергия, "ақлли" қишлоқ хўжалиги ва Европа Иттифоқи бозорларига экспорт қилиш учун озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш, рақамли иқтисодиёт, фармацевтика ва ҳаёт ҳақидаги фанлар каби соҳаларда янги ҳамкорлик кутилмоқда.
Европалик инвесторлар учун Ўзбекистон ёш ва билимли ишчи кучи, солиқ имтиёзлари ва 38 миллионга яқин истеъмолчига эга жадал ривожланаётган ички бозорни таклиф этади.
Европа Иттифоқи учун Ўзбекистон билан ҳамкорликни чуқурлаштириш унинг Марказий Осиёдаги стратегик мавқеини мустаҳкамлайди, бошқа глобал етказиб берувчиларга қарамликни камайтиради ва энергия, транспорт ва муҳим хом ашё бўйича ишончли ҳамкорларни таъминлайди.
Ўзбекистон учун ушбу битим жаҳон бозорларига интеграциялашган замонавий, экспортга йўналтирилган иқтисодиётга ўтишни тезлаштиради. Бу мамлакатга, хусусан, тўқимачилик, машинасозлик ва озиқ-овқат саноатида норесурс экспортини кенгайтириш, Европадан илғор технологиялар ва рақамли воситалардан фойдаланиш, минтақавий энергия ва иқлим ташаббусларида иштирок этиш ҳамда бошқарув, ҳуқуқ ва атроф-муҳитни бошқариш соҳасида институционал салоҳиятни мустаҳкамлаш имконини беради.
Венгрия узоқ вақтдан бери Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасида кўприк вазифасини бажариб келмоқда ҳамда ЕИ ва Ўзбекистон ўртасида имзолаган Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги янги битим бу ролни кучайтириши кутилмоқда. Будапешт Ўзбекистонни Туркий давлатлар ташкилоти ва ЕИ – Марказий Осиё кенг мулоқотида ишончли ва динамик ҳамкор сифатида кўриб, республиканинг ислоҳотлар дастурини ва минтақавий интеграция борасидаги саъй-ҳаракатларини изчил қўллаб-қувватлайди. EPCA Венгрия компаниялари учун энергетика, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика ва сув хўжалигида янги иқтисодий имкониятлар очади. Инвестицияларни ҳимоя қилиш кучайтирилгани, соддалаштирилган божхона қоидалари ва "Глобал дарвоза" ташаббуси орқали ЕИ маблағларидан фойдаланиш имконияти туфайли Венгрия корхоналари Ўзбекистондаги йирик "яшил" энергия, инфратузилма ва рақамлаштириш лойиҳаларида иштирок этиши мумкин бўлади.
Венгрия учун ҳам мазкур битим стратегик аҳамиятга эга. Бу мамлакатнинг энергия йўналишларини диверсификация қилиш, экспортни кенгайтириш ва Европани Марказий Осиё билан боғловчи "Ўрта йўлак" бўйлаб алоқаларни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди. Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи доирасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш орқали Венгрия Европанинг узоқ муддатли барқарорлиги ва барқарор ривожланиши учун ҳаётий аҳамиятга эга бўлаётган минтақада ҳам иқтисодий иштирокини, ҳам дипломатик таъсирини кучайтириши мумкин.
- Қўшилди: 27.10.2025
- Кўришлар: 88
- Чоп этиш
Ўзбекча
English
Русский