Акмал Саидов Парламентлараро иттифоқ Ижроия қўмитаси мажлисида иштирок этди

Шу йил 11 июнь куни Парламентлараро иттифоқ Ижроия қўмитасининг навбатдаги сессияси онлайн шаклда ташкил этилди.

Ушбу мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов иштирок этди. Маълумки, A.Саидов 2020-2023 йилларга Парламентлараро иттифоқ Ижроия қўмитаси раисининг ўринбосари этиб тайинланган.

Парламентлараро иттифоқ энг кекса халқаро парламент ташкилоти бўлиб, 1889 йилда ташкил топган. У ўз сафида дунёнинг 179 та мамлакати парламентлари ва 13 та парламентлараро ташкилотни бирлаштирган.  

Парламентлараро иттифоқ Ижроия қўмитаси 18 кишидан таркиб топган бўлиб, улар ташкилотнинг 6 та геосиёсий гуруҳини ифодалайди ва унинг маъмурий орган сифатидаги вазифаларини бажаради.

Ижроия қўмитанинг видеоконференция тарзида ўтказилган жорий мажлиси кун тартибидан қуйидаги масалалар жой олди:

- Парламентлараро иттифоқ Раиси ва Бош котибининг фаолияти якунлари бўйича ҳисоботларини тинглаш;

-  2017-2021 йилларга доир Парламентлараро иттифоқ Стратегиясини имплементация қилишнинг ҳолати;

- БМТ институтлари билан ўзаро ҳамкорликдаги муносабатларнинг устувор йўналишлари;

- молия масалалари ва Парламентлараро иттифоқ фаолияти шаффофлигини таъминлаш бўйича чоралар.

Шунингдек, коронавирус пандемияси туфайли юзага келган мураккаб вазиятда Парламентлараро иттифоқ тизими доирасида парламентлараро ҳамкорлик бўйича истиқболда ўтказиладиган халқаро тадбирлар мавзуси муҳокама қилинди.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан А.Саидов сўзга чиқиб, қонун чиқарувчи органлар фаолиятини пандемияни тийиб туриш бўйича саъй-ҳаракатларни амалга оширишга кенг жалб этиш нечоғлик муҳим эканига сессия иштирокчилари эътиборини қаратди.

Мисол тариқасида Олий Мажлис томонидан мамлакат ҳаётининг ички сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий соҳаларидаги энг муҳим устувор масалалар ҳал этилиши қаторида, халқаро шериклар билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва фаол ривожлантириш борасида амалга оширилаётган самарали фаолиятга эътибор қаратилди. Хусусан,  Ўзбекистонда коронавирус тарқалишининг олдини олиш ва унинг салбий оқибатларига барҳам бериш борасида амалга оширилаётган таъсирчан ишлар мажлис иштирокчилари томонидан ижобий баҳоланди.

Парламентлараро иттифоқ Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Парламентлараро иттифоқ доирасидаги фаолият шаффофлигини оширишга доир ишларни давом эттириш зарурлигини ҳам таъкидлади.  А.Саидовнинг фикрича, бу йўналишда шунингдек бошқа халқаро ташкилотлар амалиётида тўпланган тажрибадан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.

Бундан ташқари, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан жорий йилда Самарқандда инсон ҳуқуқлари бўйича форум ўтказилиши ҳақидаги ахборот Парламентлараро иттифоқ сессияси қатнашчилари эътиборига етказилди. Бўлажак анжуманнинг асосий мавзуси ёшлар ҳуқуқлари ва уларнинг БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишдаги ўрни мавзусига бағишланишига эътибор қаратилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech