Аҳоли билан очиқ мулоқот

Жорий  йилнинг 14-18 декабрь кунлари Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази масъул ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 10.12.2018 йилдаги ПҚ-4056 сон Қарори билан тасдиқланган “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази тўғрисида”ги Низом ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 22.06.2020 йилги          “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-6012 сон Фармони ҳамда Миллий марказнинг 2020 йилга мўлжалланган иш режасининг ижроси юзасидан Бухоро ва Навоий вилоятларида аҳоли ўртасида учрашувлар ўтказишди.

Хусусан, Бухоро вилояти Қоровулбозор туманидаги “Тинчлик”, “Бўстон” махалла фуқаролар йиғинлари, Когон туманидаги “Когон”, “Нақшбандий” махалла фуқаролар йиғинларида, Навоий вилояти, Зарафшон шаҳридаги “Баҳор”, “Олтин водий” махалла фуқаролар йиғинларида  яшовчи аҳоли ўртасида учрашувлар ўтказилди.

Марказ ходимлари томонидан учрашувда иштирок этган фуқароларни қизиқтирган саволларига жавоб ҳамда ҳуқуқий маслаҳатлар беришди.

Бундан ташқари, мазкур учрашувларда иштирок этган фуқаролар, хусусан, махалла фаоллари томонидан Ўзбекистон Республикасининг турли қонун ҳужжатларига тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш лозимлиги тўғрисидаги тегишли таклифлари билан ўртоқлашишди.

Давра суҳбатлари якунида МФЙ ларига Миллий марказ томонидан чоп этилган турли китоблар совға қилинди.

Мазкур тадбирлар асносида Миллий марказ ходимлари томонидан Навоий Давлат педагогика институти қошидаги Академик лицей ҳамда 16-сонли ихтисослаштирилган мактабида ўқувчилар билан учрашувлар ҳам ташкил этилди.

Учрашувларда ўқувчиларни қизиқтирган саволларига жавоб берилди ҳамда суҳбатда ўзининг ташаббускорлиги, саводхонлиги билан намунали иштирок этган ўқувчиларга Миллий марказнинг совғалари топширилди. Шунингдек, ўқув даргоҳларида мавжуд кутубхоналарга Миллий марказ муассислигида чоп этилган ҳуқуқий ҳамда адабий китоблар тақдим этилди.

Қайд этилганлардан ташқари, Миллий марказ ходимлари томонидан Навоий вилояти, Навоий шаҳар “Истиқлол” махалла фуқаролар йиғинида яшовчи бир гуруҳ фуқароларнинг Навоий шаҳрида 2015 йилда реконструкция ишлари амалга оширилиши муносабати билан уй-жойлари бузилиши оқибатида етказилган моддий зарар қоплаб берилмаётганлиги тўғрисидаги мурожаатлари бўйича сайёр қабул ташкил қилинди.

Учрашув жараёнида иштирок этган фуқароларнинг  мурожаатлари тингланди, уларда мавжуд тегишли ҳужжатлари билан танишиб чиқилди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Уй-жой, Фуқаролик, Фуқаролик-процессуал кодекслари ҳамда “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуни ва масалага доир бошқа тааллуқли қонун ҳужжатлари талаблари тушунтирилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази
Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш бўлими

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech