Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари ҳимоясини яхшилаш, мажбурий меҳнатга қарши курашиш, диний эркинликларни кенгайтириш бўйича ислоҳотларни амалга оширишдаги муҳим ютуқларини эътироф этди ва Ўзбекистоннинг 2021—2023 йилларда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига сайланишини мамнуният билан қабул қилди.
Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегациянинг 20 ноябрь куни Вашингтон шаҳрида Ўзбекистон–АҚШ сиёсий маслаҳатлашувлари саккизинчи раундида иштирок этгани ҳақидаги вазирлик матбуот хизмати хабарида маълумот берилган.
Шу манбага кўра, АҚШ делегациясига Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича Давлат котиби ёрдамчисининг биринчи ўринбосари Дин Томпсон бошчилик қилган.
Ўзбекистон делегацияси таркибидан Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов, Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов, Президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев, инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Лазиз Қудратов ҳам жой олган.
Икки томонлама муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари ҳамда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил май ойида АҚШга ташрифи якунлари бўйича эришилган келишувларни амалга оширишнинг бориши муҳокама қилинган. Кўп қиррали Ўзбекистон—АҚШ ҳамкорлигини янада чуқурлаштиришнинг устувор йўналишлари белгилаб олинган.
Икки томон ҳам ҳамкорликнинг жорий ўсиш суръатларини сақлаб қолишга, қўшма кун тартибининг барча масалалари бўйича яқин ва мунтазам мулоқотда бўлишга, стратегик шерикликнинг шартнома-ҳуқуқий ва институционал асосларини мустаҳкамлашга қизиқиш билдирилган.
Таъкидланишича, АҚШ томони Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган, республика ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олувчи кенг миқёсли ислоҳотларнинг натижаларига юқори баҳо берган.
Америка томонига БМТ Бош ассамблеяси 75-сессиясида Ўзбекистон раҳбари илгари сурган ташаббусларнинг концептуал аҳамияти тўғрисида батафсил маълумот берилган.
Мулоқот асносида «C5+1» шакли минтақавий ҳамкорликни илгари суришда ва биргаликдаги ишларнинг аниқ йўналишларини белгилаб олишда муҳим ўрин тутиши эътироф этилган. Шу нуқтаи назардан, Марказий Осиёнинг глобал транспорт ва транзит коридорларига чуқур интегратиялашувини таъминлаш ҳамда минтақа мамлакатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестиция ва энергетика соҳаларидаги алоқаларни фаоллаштириш бўйича амалий чораларни кучайтириш масалаларининг муҳимлиги таъкидланган.
«Ўзбекистон–АҚШ–Афғонистон» уч томонлама ҳамкорлик доирасидаги муносабатларга алоҳида эътибор қаратилган. Афғонистонни Марказий Осиёдаги савдо-иқтисодий ва интеграция жараёнларига фаол жалб этиш ҳамда унинг транзит салоҳиятини оширувчи инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш мазкур мамлакатда мустаҳкам тинчлик ўрнатишнинг муҳим йўналишлари сифатида қайд этилган.
Музокаралар якунлари бўйича йиллик икки томонлама маслаҳатлашувлар шаклини Стратегик шериклик мулоқотига айлантириш тўғрисида қарор қабул қилинган. «Мулоқотнинг таъсис йиғилишини 2021 йилда Тошкент шаҳрида ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди», — дейилади хабарда.
Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегациянинг АҚШга ташрифи доирасида бошқа бир қатор муҳим мулоқотлар ҳам ўтказилган. Делагация аъзоларининг АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси, Демократия, инсон ҳуқуқлари ва меҳнат бюроси раҳбари Роберт Дестро билан мулоқоти, делегация раҳбари Абдулазиз Комиловнинг Пентагон раҳбари вазифасини бажарувчи Кристофер Миллер билан учрашуви шулар жумласидандир.
Учрашувларда турли соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари бўйича атрофлича фикр алмашилган. Томонлар ўзаро манфаатли соҳаларда Ўзбекистон-АҚШ алоқаларини жадаллаштиришга интилиш қатъий эканини таъкидладилар, дейилада ташриф жараёнларини кенг ёритган ОАВ хабарларида.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 23.11.2020
- Кўришлар: 3814
- Чоп этиш