БМТ Махсус маърузачиси Ўзбекистондаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлади

"Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда давлат институтлари ва сиёсатни ислоҳ этиш ҳамда модернизация қилиш бўйича кенг қамровли дастур ишлаб чиқилган. Ҳозирги даврда одил судлов тизимида амалга оширилаётган ислоҳот ана шу дастурнинг таркибий қисмларидан бири ҳисобланади".

Ушбу фикрларни БМТ Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари кенгашининг Женевада бўлиб ўтаётган 44-сессияси минбаридан туриб айтди. Сессия иши доирасида 13 июль куни ўткзилган видеоконференцияда БМТ Махсус маърузачисининг 2019 йили Ўзбекистонга амалга оширган расмий ташрифи якунларига доир маърузаси кўриб чиқилди.

Авваламбор, БМТ Махсус маърузачисининг давлатимиз раҳбари ташаббуси ва бевосита раҳбарлигида мамлакат одил судлов тизимида амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотларга берган холис баҳосидан миннатдормиз. Диего Гарсия-Саяннинг маърузасида бугунги кунда Ўзбекистонда суд ҳокимияти мустақиллигини мустаҳкамлаш ва ҳуқуқшуносларнинг ўз касбий фаолиятини янада эркин бажаришини таъминлаш борасида бир қатор амалий натижаларга эришилгани ижобий баҳоланди.

Бу ўринда суд тизими қайта тузилгани, хусусан, Судьялар олий кенгаши ташкил этилгани ҳақида сўз бормоқда. Бундан ташқари, судьялик лавозимларига номзодларни танлаш ва тайинлашнинг янги тартиб-таомиллари жорий этилгани ҳамда судьялар алмаштирилмаслиги кафолатларини мустаҳкамлаш бўйича амалий чоралар кўрилганига алоҳида эътибор қаратилди.

БМТ Махсус маърузачиси ушбу амалий чора-тадбирларни том маънода мустақил ва холис одил судлов тизимини барпо этиш йўлидаги дастлабки ижобий қадамлар дея қайд этди.

Биз, шунингдек Д.Гарсия-Саяннинг "Суд ҳокимияти давлат ҳокимиятининг бошқа тармоқларидан ҳақиқатан ҳам мустақил бўлишига эришиш ҳамда судьялар, прокурорлар ва адвокатлар ўз касбий фаолиятини ҳеч қандай асоссиз аралашувлар ва босимларсиз амалга оширишларини таъминлаш учун ҳали жуда кўп ишлар қилиш керак" деган нуқтаи назарини қўллаб-қувватлаймиз.

Бундан ташқари, биз унинг "Суд тизими ислоҳоти судларнинг мустақиллиги ва холислигини мустаҳкамлашга йўналтирилиши зарур" деган фикрига ҳам тўла қўшиламиз.

Ўз навбатида, Д. Гарсия-Саян маърузаси якунида Ўзбекистонда судьялар ва прокурорлар мустақиллигини янада мустаҳкамлаш ҳамда ҳуқуқшунослар ўз касбий фаолиятини эркин амалга оширишларини таъминлашга қаратилган бир қатор тавсиялар ҳам берди.

БМТ Махсус маърузачисининг мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш истиқболларига тааллуқли тавсиялари ҳақида сўз борганда, биринчидан, суд ҳокимиятининг том маънодаги мустақиллигини таъминлаш;          иккинчидан, адвокатларнинг мақоми ва мустақиллигини мустаҳкамлаш; учинчидан, барчанинг одил судлов имкониятлари ва малакали юридик ёрдамдан эркин фойдаланиши учун зарур  шароитлар яратишга доир муҳим амалий таклиф ҳамда тавсиялар тақдим этилганини таъкидлаш лозим.

Д. Гарсия-Саян тавсияларининг аксарияти мамлакатимиз томонидан ўтган қисқа даврда бажарилган бўлса, қолган қисми ҳам изчиллик билан амалга оширилмоқда. Шундай экан, бу борада эришилган натижалар хусусида мухтасар тўхталиш мақсадга мувофиқдир.

Биринчидан. Ўзбекистон БМТ Махсус маърузачисининг тавсияларини амалга оширишга устувор аҳамият бермоқда. Суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлаш ва одил судлов сифатини ошириш масалалари давлат раҳбарининг 3 та маърузасида алоҳида таъкидлангани буни яққол тасдиқлайди.

Бу ўринда Президентимизнинг Конституция қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишлаб 2019 йил декабрида ўтказилган тантанали маросимдаги маърузаси,  2020 йил январида Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномаси ва жорий йил 30 июнда судьялар корпуси билан учрашувда сўзлаган нутқи кўзда тутилмоқда.

Иккинчидан. Барқарор ривожланиш соҳасида 2030 йилгача даврга белгиланган Кун тартибининг 16-сонли Мақсадига эришиш доирасида кейинги уч йилда Ўзбекистон Президенти томонидан суд тизимининг устувор масалаларига тааллуқли 20 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар имзоланди.     

Ҳаракатлар стратегиясини 2020 йил – “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга ошириш бўйича Давлат дастурида қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ этиш соҳасида бир қанча қонунлар лойиҳалари ишлаб чиқилиши белгиланган. Янги таҳрирда "Судлар тўғрисида"ги қонун қабул қилиниши, судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятини тартибга соладиган қонун лойиҳалари шулар жумласидандир.

Айни вақтда бешта янги Кодекс, яъни Жиноят, Жиноят-процессуал ва Жиноят-ижроия, Фуқаролик ва Маъмурий жавобгарлик кодексларини тайёрлаш бўйича изчил иш олиб борилмоқда. Энг муҳими, суд тизимини илғор тажрибалар ва халқаро стандартлар асосида, "Бир суд - бир инстанция" принципи бўйича такомиллаштиришга қаратилган янгиланишлар амалга оширилмоқда.

Учинчидан. Ўзбекистонда юридик таълим имкониятларини кенгайтириш бўйича барча зарур чоралар кўрилмоқда. Президентимизнинг 2020 йил 29 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонида, жумладан, адвокатура учун кадрлар тайёрлашни ривожлантириш йўналиши белгилаб берилган. Шу асосда Самарқанд, Наманган ва Термиз давлат университетларида ҳуқуқшунослик факультетлари очилди.

Мамлакатимизда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва малака тўғрисидаги декларацияси қоидаларини амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар дастури ишлаб чиқилган. Айни вақтда бу Дастур изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази доимий равишда судьялар, прокурорлар ва адвокатлар билан одил судлов соҳасидаги халқаро стандартларни миллий амалиётга имплементация қилиш масалалари бўйича турли тадбирлар - семинар ва тренинглар, учрашув ва мунозаралар ўтказиб келмоқда.

Тўртинчидан. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги мамлакатимиз позицияси БМТ Низоми, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қоидалари, улардан келиб чиқадиган халқаро шартномаларга асосланади. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июндаги Фармони билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси тасдиқлангани мамлакатда амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотларнинг ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш институционал механизмларини яратишнинг муҳим босқичи ҳисобланади.

Яқинда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисидаги маълумотлар БМТнинг олтита тилида нашр этилгани ва Бош Ассамблеянинг 74-сессияси расмий ҳужжати сифатида тарқатилгани бежиз эмас. Миллий стратегия Вена декларацияси ва Ҳаракатлар дастури асосида ишлаб чиқилган бўлиб, унда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси, ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ҳамда халқаро экспертлар тавсиялари ҳисобга олинган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясида, жумладан, қуйидаги чора-тадбирлар кўзда тутилган:

  • судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида умумэътироф этилган принциплар ҳамда халқаро ҳуқуқ ва Ўзбекистон Республикаси қўшилган халқаро шартномалар нормаларининг кенг қўлланишини таъминлайдиган самарали механизм яратиш;
  • «Хабеас корпус» институтини янада такомиллаштириш орқали судларнинг мустақиллиги ва холислигини ҳамда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш соҳасида суд ҳокимиятининг ролини тубдан ошириш мақсадида судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини шакллантириш;
  • суд жараёнларида тенглик ва тортишув принципларини татбиқ этиш, адвокатурани ҳуқуқни ҳимоя қилувчи мустақил ва ишончли институтга айлантириш, профессионал юридик ёрдам сифати ва адвокат касби нуфузини ошириш, инсон ҳуқуқлари соҳасига ихтисослашган юристлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш;
  • прокуратура органлари фаолиятини халқаро стандартлар талабларига мувофиқлаштириш, прокуратура органларининг фаолияти шаффофлигини ва жамият олдида ҳисобдорлигини таъминлаш, прокуратура бошқарув тизимида коллегиал органлар ролини кучайтириш.

Бешинчидан. БМТ шартномавий қўмиталари ва устав органлари, биринчи навбатда, Инсон ҳуқуқлари кенгаши тавсиялари ва қарорларини кўриб чиқиш бўйича давлат органларининг ҳамкорликдаги фаолияти тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланди.

Олтинчидан. Айни пайтда "Конституциявий суд тўғрисида"ги қонуннинг янги таҳрири тайёрланди. Унда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, Бизнес-омбудсман ва Болалар омбудсманининг мазкур судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эгалиги назарда тутилмоқда. Фуқароларнинг конституциявий шикоят қилиш институти ҳам татбиқ этилмоқда.

Еттинчидан. Адвокатларнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашдаги ваколатлари кенгайтирилди. Жумладан, адвокатларга низоларни судгача ҳал этиш ва томонларни яраштириш юзасидан амалий чоралар кўриш, шунингдек ҳакамлик судьялари сифатида иш олиб бориш ҳуқуқи берилди.

Адвокатлик фаолиятини бошлаши учун ёш мутахассислардан 2 йил юридик стаж талаб этиш бекор қилиниб, талабаликдан адвокат ёрдамчиси сифатида амалиёт ўташ тартиби жорий этилмоқда. Юридик олий ўқув юртларида “адвокатлик фаолияти” мутахассислиги бўйича магистрлар тайёрлаш йўлга қўйилмоқда.

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатларни электрон танлаш тизими ишга туширилаяпти. Бундан ташқари, ўта оғир жиноятда айбланаётган шахсларнинг иши бўйича, шунингдек қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш масаласи кўриб чиқилаётган ҳолатларда ҳам адвокат иштирокининг мажбурийлиги белгилаб қўйилади.

Адвокатлик фаолияти жозибадорлигини ошириш, бу касб эгаларининг ҳимояси ва кафолатини кучайтириш бўйича қонун ҳужжатлари пакети ишлаб чиқилиб, кенг муҳокама учун эълон қилинади. Бу ўринда аввало "Адвокатура институтини ривожлантириш концепцияси"нинг лойиҳаси тайёрланганига эътибор қаратиш даркор.

Ушбу лойиҳада адвокатларнинг ҳуқуқий мақомини халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар назарда тутилган. Янги, "Адвокатура ва адвокатлик фаолияти тўғрисида"ги ҳамда "Бепул юридик ёрдам тўғрисида"ги қонунлар қабул қилиниши ҳам режалаштирилган.

Саккизинчидан. Инсонпарварлик тамойилларидан келиб чиқиб, одил судлов соҳасида мутлақо янги тизим жорий этилди. Кейинги уч йилда жиноят йўлига билиб-билмай кирган 3,5 мингдан ортиқ ёшлар ва хотин-қизларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланмасдан, улар маҳалла ва жамоатчилик кафиллигига олинган. Инсон ҳуқуқларини бузганлиги учун ҳуқуқ-тартибот идораларининг 60 нафар ходими жиноий жавобгарликка тортилган.

Мамлакатимизни ҳар томонлама ва шиддатли ривожлантиришда фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва аҳамиятини тубдан ошириш доимий эътиборда турибди. Айни чоғда, Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги кодекс лойиҳасини тайёрлаш ишлари бошлаб юборилган.

Фуқаролар ҳуқуқларига риоя этилиши ва ушбу ҳуқуқлар ҳимоя қилинишини таъминлаш ҳамда ҳуқуқий тартибни мустаҳкамлашнинг муҳим шартларидан бири, бу - жамиятда инсон ҳуқуқлари маданиятини оширишдир. Шу муносабат билан Ўзбекистонда "Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепцияси" амалга оширилмоқда. Айни пайтда Pro bone тизими яратилмоқда, бепул юридик ёрдам кўрсатадиган «Мадад» ННТ ўз ишини бошлади, Advice.uz веб-портали фаолият юритмоқда.

Тўққизинчидан. Судьялар, умуман, юристларнинг халқаро ҳуқуқ соҳаси бўйича билими пастлиги энг катта муаммолардан эканини афсус билан тан олишга мажбурмиз. Шу маънода, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ Омбудсман ва Тошкент давлат юридик университети билан бирга "Инсон қадр-қиммати – энг олий қадрият" махсус ўқув модулини ишлаб чиқди.

Судьялар олий мактабида эса "Инсон ҳуқуқлари ва халқаро ҳуқуқ" кафедрасини очишга ҳозирлик кўрилмоқда. Зеро, инсон ҳуқуқларини ўқитиш бу – нафақат халқаро мажбуриятларни бажариш, балки демократик, инсонпарвар ва халқпарвар суд-ҳуқуқ тизимини ривожлантиришнинг энг муҳим шартларидан биридир.

Ўнинчидан. Олий Мажлис палаталари томонидан инсон ҳуқуқларига доир халқаро мажбуриятларга амал қилиш бўйича Парламент комиссияси тузилмоқда. Комиссия БМТ Махсус маърузачисининг тавсиялари қандай бажарилаётгани устидан парламент мониторингини амалга оширади.

Мухтасар айтганда, БМТ Махсус маърузачисининг тавсиялари ўз мазмун-моҳиятига кўра Ўзбекистонда изчиллик билан амалга оширилаётган Ҳаракатлар стратегиясига ҳар томонлама уйғун ва мутаносибдир.

Ҳозирги вақтда мамлакатимизда БМТ Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян тавсияларини амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракат режаси ("Йўл харитаси") лойиҳаси тайёрланмоқда.

Буларнинг барчаси Ўзбекистон билан БМТнинг шартномавий қўмиталари ва устав органлари ўртасида мустаҳкам ривожланиб бораётган кенг тармоқли ҳамда ҳар томонлама самарали ҳамкорлик муносабатлари ишонч, ҳурмат ва ўзаро манфаатларга таянишидан далолат беради.

Акмал Саидов,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори

("Янги Ўзбекистон" газетасининг 2020 йил 14 июль сони)

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech