БМТнинг 75-юбилей сессияси: тарихга – ибрат, келажакка – ишонч нигоҳи ила

Жорий йил 15 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-юбилей сессияси бошланди. БМТ олий органи бўлмиш Бош Ассамблеянинг навбатдаги сессияси, мазкур нуфузли халқаро ташкилот Низомига мувофиқ, ҳар йили сентябрь ойининг учинчи сешанбасида очилиши анъанага айланган.

Бош Ассамблея 75-сессияси кун тартибида 23 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг маърузаси кўзда тутилган. Давлатимиз раҳбарининг БМТ юксак минбаридан илк бор ўзбек тилида янграйдиган навбатдаги чиқишидан ҳам нафақат халқимиз, балки минтақамиз, бутун дунё жамоатчилиги ўткир ва долзарб халқаро ташаббусларни кутмоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидовнинг "БМТнинг 75-юбилей сессияси: тарихга – ибрат, келажакка – ишонч нигоҳи ила" сарлавҳали мақоласида шу ҳақда сўз боради. Мақола "Янги Ўзбекистон" газетасининг 2020 йил 22 сентябрь сонида эълон қилинган.

Мақолада, шунингдек БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясининг ўзига хос хусусиятлари таҳлил қилинган. БМТ ушбу сессияга тайёргарлик доирасида жорий йилнинг январь ойидан бошлаб турли мамлакатлар, тармоқлар ва авлодларни қамраб олган кенг кўламли халқаро мулоқотлар ўтказгани хусусида атрофлича фикр юритилган.

Муаллиф қайд этганидек, мамлакатимиз БМТ Бош котиби илгари сурган «Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 75 йиллиги: келажакка нигоҳ» мавзусида туркум Глобал мунозаралар ўтказиш ташаббусини тўла қўллаб-қувватлаган. Шу ташаббус доирасида жорий йил давомида миллий ва халқаро ҳамкорлар билан учта глобал онлайн мунозара ташкил қилинган.

Ўзбекистон БМТни замонавий талаблар асосида ислоҳ қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларни маъқуллайди. Бинобарин, бугунги кунда, айниқса, жаҳон ҳамжамияти вужудга келган янги вазиятга мослашиши учун бор куч ва имкониятларни фаоллаштириши талаб этилаётган ҳозирги пайтда ушбу Ташкилот ўта муҳим аҳамиятга эгадир.

Маълумот учун: Президент Шавкат Мирзиёевнинг видеоконференция шаклида ўтадиган БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида сўзлайдиган нутқи трансляциясини 23 сентябрь, чоршанба куни соат 18:00 да қуйидаги телеканаллар ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларда томоша қилинг:

"O'zbekiston", "O'zbekiston 24", "Zo'r TV", "Sevimli TV" (ўзбек тилида);

"Yoshlar", "Toshkent" (рус тилида);

"Uzreport TV", “Dunyo bo’ylab” (инглиз тилида).

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech