Брифинг: Миллий стратегия ижроси бўйича мониторинг натижалари

Тошкент вилояти Кумушкон қишлоғидаги "Edelweiss Hotel&Resort" меҳмонхонаси мажлислар залида 23-27 декабрь кунлари оммавий ахборот воситалари вакиллари учун одам савдоси, мажбурий меҳнат ва гендер тенглик масалалари бўйича мувофиқлаштирув форуми бўлиб ўтмоқда. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш комиссияси ва Халқаро миграция ташкилоти билан ҳамкорликда ўтказилмоқда.

25 декабрь куни форум доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилло Тиллабоев иштирокида брифинг уюштирилди. Ушбу анжуман Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан тасдиқланган медиа-режа асосида ташкил этилди.

Брифингда журналистлар эътиборига Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича "Йўл харитаси" ижроси юзасидан 2020 йил 20 декабргача бўлган ҳолатга доир маълумот тақдим этилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг жами 78 бандидан 32 банди бўйича ижро муддати якунланган. Хусусан, 20 та банд бўйича ишлар ўз муддатида, 2 та банд бўйича муддатидан олдин бажарилган; 13 та банд бажарилмоқда. Ижро муддати якунланмаган 46 та бандни амалга ошириш ишлари изчил давом этмоқда.

Миллий стратегияда 33 та қонун лойиҳаси ишлаб чиқиш назарда тутилган. Ушбу қонун лойиҳалари бўйича бандларнинг 12 таси бажарилган бўлиб, қолган 21 таси ижро этилмоқда.

Хусусан, ўтган даврда “Таълим тўғрисида”ги қонун (янги таҳрири), “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисидаги қонун (янги таҳрири), шунингдек “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги ҳамда “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди.

Шунингдек, 3 та янги Кодекс - Соғлиқни сақлаш кодекси, Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги кодекс, Экология кодекси лойиҳаси, 7 та амалдаги Кодекснинг янги таҳрири, яъни Фуқаролик кодекси, Меҳнат кодекси, Жиноят кодекси, Жиноят-ижроия кодекси, Жиноят процессуал кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси, Уй-жой кодекси лойиҳаси тайёрланган. Уларни қабул қилиш жараёни амалга оширилмоқда.

Айни вақтда 2 та янги Кодекс, яъни Ахборот кодекси ва Тадбиркорлик кодекси лойиҳасини ишлаб чиқишга тайёргарлик босқичи бормоқда. Бундан ташқари, 6 та янги қонун лойиҳаси тайёрланган.

Шу билан бирга, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига Ўзбекистон Республикаси сайланишини таъминлашга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилди. Натижада 2020 йил 13 октябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси сессиясида бўлиб ўтган сайловларда Ўзбекистон миллий давлатчилигимиз тарихида илк бор БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига уч йил муддатга – 2021-2023 йилларга сайланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 3 ноябрдаги қарори билан “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Кўкрак нишони билан тақдирлаш маросими жорий йил 10 декабрь – Халқаро инсон ҳуқуқлари кунида ўтказилиб, кўкрак нишони ўз соҳибларига тантанали равишда топширилди. “Кўкрак нишони” билан тақдирланганлар рўйхати Марказ веб-сайтида ва бошқа оммавий ахборот воситаларида эълон қилинди.

Шу билан бирга, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбар ходимларининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги малакасини ошириш бўйича “Инсон қадр-қиммати - энг олий қадрият” махсус ўқув модули ишлаб чиқилди. Мазкур модул асосида ҳозирга қадар 32 та вебинар ўтказилиб, жами 500 нафардан ортиқ раҳбар ходимлар ўқитилди.

Ўқув жараёнига етакчи халқаро мутахассислар жалб этилган. Машғулотлар БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси, БМТнинг Қочоқлар масалалари бўйича олий комиссари Бошқармаси, БМТнинг Тараққиёт дастури, UNODC, ЕХҲТнинг Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси билан ҳамкорликда ўтказилмоқда.

Шундай қилиб, Миллий стратегия ижроси юзасидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан қатъий мониторинг амалга оширилмоқда. Мониторинг натижалари Марказ расмий сайтида ва оммавий азборот воситаларида мунтазам эълон қилиб борилмоқда.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech