15 октябрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида Буюк Британия Бирлашган Қироллиги Олий апелляция судининг халқаро муносабатлар бўйича Бош судьяси Питер Гросс билан учрашув бўлди.
Учрашувда Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги Элчиси Тим Торлоу ҳам иштирок этди.
Мулоқот чоғида Марказ директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилла Тиллабоев Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг асосий вазифалари ва ваколатлари, мамлакат қонун чиқарувчи ҳокимияти ва суд-ҳуқуқ соҳаларида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар, Ўзбекистонда олиб борилаётган инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва унга риоя этиш борасидаги сиёсатнинг устувор йўналишлари ҳақида сўзлаб берди.
Питер Гросс кейинги йилларда Ўзбекистонда демократик янгиланишларни жорий этиш, фуқаролик жамияти қуриш ҳамда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган изчил ишларни алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, меҳмон ўз фаолияти бўйича жиноят ҳуқуқи, тижорат ҳуқуқи ва суд назорати соҳаларига ихтисослашганини қайд этди. Худди шу соҳаларда ўзаро ҳамкорликка шайлигини маълум қилди.
Мулоқот давомида мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг инсон ҳуқуқларига кўрсатадиган таъсири юзасидан ҳам фикр алмашилди. Одам савдоси ва шу каби бошқа иллатларга қарши курашишга қаратилган чора-тадбирлар самарадорлиги борасида сўз юритилди.
Томонлар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканини билдирдилар.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 17.10.2019
- Кўришлар: 5445
- Чоп этиш