18 декабрь куни Бухоро шаҳрида “Мамлакатда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва юридик таълимни такомиллаштириш муаммолари” мавзуида республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди. Ушбу онлайн тадбир Бухоро давлат университети томонидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Тошкент давлат юридик университети билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Илмий-амалий анжуманда академик, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, Бухоро давлат университети ректори Обиджон Ҳамидов, Тошкент давлат юридик университети ректори Раҳим Ҳакимов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажпис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси Шуҳрат Бафоев сўзга чиқди.
Иштирокчилар миллий юридик таълим ва фаннинг самарадорлигини оширишга қаратилган юқори малакали мутахассис-ҳуқуқшуносларни тайёрлаш, уларга замонавий талаблар, илғор халқаро юридик тажриба, меҳнат бозори эҳтиёжлари асосида ижодий фикрлайдиган, ҳалол кадрларни худудлар кесмида шакллантириш имкониятларини муҳокама қилдилар. Бу борадаги ҳуқуқий муносабатлар жараёнига тўсқинлик қилаётган қатор тизимли муаммо ва камчиликлар таҳлилга тортилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Судьялар Олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби вакиллари, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази ходимлари, Бухоро вилоят прокуратураси ва Бухоро вилоят Адлия бошқармаси вакиллари, вилоятдаги ҳуқуқшунос олимлар, илмий-тадқиқот марказлари раҳбарлари ҳамда мутахассислари фаол қатнашди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 21.12.2020
- Кўришлар: 3703
- Чоп этиш