23 июль куни “Тараққиёт стратегияси” маркази ва Адлия вазирлиги томонидан Конрад Аденауэр жамғармаси ҳамда ЕҲҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси офиси билан ҳамкорликда онлайн давра суҳбати ўтказилди. Унда Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор вазифаларни “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишида белгиланган вазифаларнинг 2020 йил биринчи ярмидаги ижроси муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси ўринбосари З.Низамходжаев Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури ижросини таъминлашда Сенатнинг ўрни ва роли тўғрисида сўз юритди, дейилади senat.uz сайти ахборотида.
Мазкур ҳужжатда белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида самарали ижросини таъминлаш борасида доимий парламент назорати ўрнатилгани, жорий йил май ойида Давлат дастури бажарилиши юзасидан Сенатда Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилингани ва ижро органларига тегишли кўрсатмалар берилгани таъкидланди.
Онлайн-муҳокамаларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов иштирок этди. У 22 июль куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Вазирлар Маҳкамаси тақдим этган Давлат дастурининг 2020 йил биринчи ярим йилликда бажарилишининг бориши тўғрисидаги ҳисоботи муҳокама қилингани хусусида сўз юритди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, истиқболда бажарилиши назарда тутилган ва Давлат дастурида ўз аксини топган вазифалар, режалар йил бошида – ҳаётимиз осуда ва барқарор кечаётган паллада тасдиқланган эди. Коронавирус пандемияси бутун дунёда ижтимоий-иқтисодий ўсиш суръатларига таъсир кўрсатиб, ишлаб чиқариш жараёнларини сусайтирди, қатор режаларга ўзгартишлар киритишга мажбур қилди.
Мамлакатимизда бундай шароитда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш ва бошқа глобал хавф-хатарлар даврида иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, тадбиркорлик субъектларини самарали қўллаб-қувватлаш, мамлакат аҳолисининг даромадлари кескин пасайиб кетишининг олдини олишга қаратилган қатор фармон ва қарорлар қабул қилиниши, ўз навбатида, пандемия оқибатларини юмшатиш ҳамда иқтисодиёт тармоқларидаги ўсиш суръатлари кескин пасайиб кетмаслигида муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Ҳукумат томонидан парламентга тақдим этилган ҳисоботда келтирилишича, мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича амалга оширилган самарали чора-тадбирлар ҳисобига жорий йилнинг I ярим йиллигида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 100,2 фоизни, унинг таркибида саноат – 98,1 фоизни, хизматлар – 99,3 фоизни, қишлоқ хўжалиги – 102,8 фоизни ташкил қилган.
Ҳисобот даврида инвестиция муҳитини янада яхшилаш, хорижий инвесторлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича амалга оширилган ишлар натижасида мамлакатимиз турли тармоқларига киритилган 3,86 млрд. АҚШ доллари миқдоридаги хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилди ҳамда жами экспорт ҳажми республика бўйича 6 млрд. 285 млн. АҚШ долларини ташкил этди.
Умуман, 2020 йил I ярим йиллигида жами 284 та банддан иборат Давлат дастурининг 118 та банди ижросини таъминлаш белгиланган. Мазкур топшириқлардан 64 та банд тўлиқ бажарилган ва 15 та банднинг муддати объектив сабабларга биноан белгиланган тартибда узайтирилган, 36 та банднинг ижроси юзасидан тегишли ҳужжат лойиҳалари кўриб чиқилмоқда, 3 та банднинг ижросини таъминлаш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Маълумот учун: parliament.gov.uz сайтида қайд этилганидек, “Ҳукуматни шакллантириш тартиби демократлаштирилиши ва унинг масъулияти кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, Бош вазир Ҳукумат аъзолари билан биргаликда ҳар чоракда Қонунчилик палатасига тегишли йилга мўлжалланган Давлат дастури бажарилишининг бориши тўғрисида ҳисобот тақдим этиб келмоқда.
Мазкур янги институт парламентнинг муҳим қарорлар қабул қилиш ва қонунлар ижросини назорат этиш фаолиятини кучайтиришга хизмат қилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 24.07.2020
- Кўришлар: 3959
- Чоп этиш