Пандемия даври мураккабликларига қарамай Ўзбекистон 2020 йилда инсон ҳуқуқлари бўйича салмоқли ютуқларга эришди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида ўзбек тилида нутқ сўзлади. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида илгари сурган ташаббуслар, жумладан инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича билдирган таклиф ва фикрлар жаҳон ҳамжамияти томонидан қўллаб қувватланди. Мамлакатимиз тарихида илк бор Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси қабул қилинди. 280 дан ортиқ нуфузли халқаро, минтақавий ва миллий ташкилотларнинг 700 дан ортиқ вакиллари иштирок этган Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форуми муваффақиятли ўтказилди. Форум якунлари бўйича қабул қилинган Самарқанд резолюцияси БМТ Бош Ассамблеяси 74-сессиясининг расмий ҳужжати мақомини олди. Миллий давлатчилигимиз тарихида илк бор Ўзбекистон 2021 – 2023 йилларда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига сайланди.
Эришилган ушбу муваффақиятларнинг батафсил таҳлили билан “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журналининг яқинда нашрдан чиққан жорий йилдаги 4-сони орқали танишишингиз мумкин.
Журналнинг ўзбек, инглиз ва рус тилидаги саҳифаларидан, шунингдек, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий қонунчиликни янада такомиллаштириш, бу борада хорижий ва миллий тажрибаларни қиёсий таҳлил қилиш, пандемия даврида карантин шароитида ҳам инсон ҳуқуқлари таъминланишини кафолатлаш каби долзарб мавзулардаги мақолалар ўрин олган.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг пандемиянинг мамлакатимиз ва хорижий давлатлар сиёсати ҳамда иқтисодиётига таъсири каби бугунги куннинг муҳим масалалари тўғрисидаги интервьюси тақдим этилган. “Пандемия бизга маълум бўлган салбий оқибатлари билан бир қаторда, – дея таъкидлайди Ташқи ишлар вазири ўз интервьюсида, – инсониятни алоқаларнинг янги шаклларини излаб топишга ундади, рақамлаштириш жараёнлари ва янги технологик асрга яқинлашишни тезлаштирди”.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Қудратилла Рафиқовнинг “Ассалом, янги Ўзбекистон!” номли мақоласи ҳам диққатга сазовор. Унда янги Ўзбекистон бунёдкори – Президент Ш.М.Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида ўзбек тилида сўзлаган тарихий нутқи чуқур таҳлил қилинган, халқаро ҳамжамиятнинг ушбу нутқга муносабати атрофлича ёритилган. Муаллиф давлатимиз раҳбарининг БМТ минбарида туриб, Туркиянинг “Жумҳурият” газетасида таъкидланганидек, “Навоий тили”да нутқ ирод қилишини мустақиллик йилларида қўлга киритилган энг улуғ ғалабалардан бири дея баҳолаган.
Мамлакатимиз қўлга киритаётган бундай муваффақиятлар юртимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар маҳсулидир. Ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад эса Ватанимизда Учинчи Уйғониш даврига замин ҳозирлашдан иборат. Академик Акмал Саидовнинг “Новый Узбекистан и Третий Ренессанс” номли мақоласи айнан шу хусусида. Мақолада Марказий Осиёда рўй берган Ренессанс даврлари, унинг юзага келиш сабаблари батафсил таҳлил қилинган. Ўзбекистоннинг янги Ренессанс марказига айланиши учун пойдевор яратилаётгани илмий далиллар ва аниқ мисоллар орқали ёритилган.
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раисининг ўринбосари Асқар Ғафуровнинг мақоласи ҳам ўқувчини бефарқ қолдирмайди. Мақолада юртимизда конституциявий назоратни такомиллаштириш масалалари таҳлил қилинган. Конституциявий шикоят институтини жорий қилиш, фуқаролар ва юридик шахсларга Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқини бериш масалалари атрофлича кўриб чиқилган.
Шунингдек, журналнинг ўзбек тилидаги саҳифаларидан А.Саъдуллаев, Р.Маҳмудова, И.Саифназаров, К.Олимова, А.Саидқосимов, О.Файзиев, М.Турғунов, Қ.Мусаев, С.Султанов, М.Гафуров, Т.Аббосхонов, Ж.Расулов, Ф.Бегбутаеванинг, инглиз тилидаги саҳифаларидан Н.Пўлатова, А.Қўзиев, С.Иноятуллаев, Т.Норбоевнинг, рус тилидаги саҳифаларидан Д.Муратова, Ф.Хамдамова, К.Худжамова, А.Джасимова, С.Абзалхўжаеванинг долзарб мавзулардаги мақолалари ўрин олган.
Шундай экан, “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журналининг ушбу сонини, албатта, мутолаа қилишни унутманг. Сарфлаган вақтингиз мазмунли ўтишига кафолат берамиз!
Азизбек РАМАЗОНОВ,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”
журналининг ижодий гуруҳи раҳбари
- Қўшилди: 09.12.2020
- Кўришлар: 3705
- Чоп этиш