Британиянинг инсон ҳуқуқлари бўйича элчиси билан суҳбат

2021 йилнинг 21 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидовнинг Буюк Британиянинг Женева шаҳридаги БМТ бўлинмаси ва бошқа халқаро ташкилотлардаги доимий ваколатхонаси раҳбарининг ўринбосари, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро элчиси Рита Френч билан онлайн учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашув аввалида А. Саидов Р.Френчни Инсон ҳуқуқлари соҳасида Британиянинг биринчи элчи этиб тайинлангани муносабати билан табриклади. Шунингдек, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига Ўзбекистон Республикасининг номзодини қўллаб-қувватлагани учун Британия томонига миннатдорлик билдирди.

Онлайн учрашув давомида тадбир қатнашчиларига Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ўзгаришлар, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таъминлаш соҳасидаги ислоҳотлар, Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятига нисбатан бўлган прагматик сиёсати, Парламентнинг инсон ҳуқуқлари сохасида олиб бораётган ишларини, янги таҳрирда «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонунни тайёрлаш, Буюк Британиянинг Глобал шериклик бошқаруви (Global Partners Governance) нодавлат ташкилоти билан ҳамкорликда инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳукумат фаолиятини мониторинг қилиш юзасидан парламент кузатув комиссиясининг ролини кучайтириш бўйича лойиҳани амалга оширилаётгани ҳақида батафсил маълумот берилди.

Шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегияни босқичма-босқич амалга ошириш, болалар меҳнатини бекор қилиш, халқаро меҳнат стандартлари ва меъёрлари, қабул қилинган янги қонунлар, аёлларнинг ҳуқуқларини мустаҳкамлаш, нодавлат-нотижорат ташкилотларини рўйхатдан ўтказиш тартибини соддалаштириш, оммавий ахборот воситалари эркинлигини кучайтириш борасидаги маълумотлар етказилди.

Британиялик элчи ўз чиқишида Ўзбекистонда сўнгги йилларда инсон ҳуқуқлари соҳасида ижобий ўзгаришлар амалга оширилаётганлигидан хабардор эканини таъкидлаб ўтди.

Ўзбекистон Президентининг инсон ҳуқуқлари ҳимоясига оид жуда кўплаб Фармон ва Қарорлар қабул қилаётгани ва шу билан баробар қонунчилик базаси кенгайиб бораётганидан мамнунлигини изҳор этди.

Шунингдек, Рита Френч Қонунчилик палатасида аёл депутатлар сонининг олдинги чақириққа нисбатан сезиларли равишда ошгани ва 32 фоизга  етганини қайд этиб, Британия парламентида аёл депутатлар 34 фоизни ташкил этаётганини қиёслаб ўтди.

Бундан ташқари, британиялик элчи сўнгги йилларда қабул қилинаётган қонунларнинг шаффофлиги ва халқаро нормаларга тўла мос тушаётганлигини таъкидлаб, Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамият олдидаги мажбуриятларини тўлиқ бажаришга интилаётганлигини мамнуният билан қайд этди.

Музокаралар чоғида томонлар Ўзбекистон-Буюк Британия ҳамкорлигини янада кенгайтиришда парламентлараро алоқаларни чуқурлаштириш муҳимлигини қайд этдилар.

Учрашувда Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Тим Торлоу иштирок этди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech