2019 йил 21 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали таҳририятининг фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 10 декабрда қабул қилинган “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида ишлаб чиқилди ва тасдиқланди. У журнал таҳририятининг фаолияти самарадорлигини янада оширишга қаратилган.
Янги қарор давлат ва ҳуқуқ, суд тизими, қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқий онгини шакллантириш ҳамда ҳуқуқий саводхонлигини оширишнинг долзарб муаммоларини ҳал этишда юридик журналлар ролини кучайтиришни назарда тутади. Унда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, журналнинг моддий-техник базаси ва ходимлар моддий аҳволини яхшилашга доир вазифалар белгиланган.
Қарорга асосан “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали таҳририяти Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг таркибий бўлинмаси ҳисобланади. Журнал таҳририяти тузилмаси ва ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш разрядлари тасдиқланди.
Маълумот учун: Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази муассислигида чоп этилаётган “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” илмий-маърифий журнали аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги, сиёсий маданиятини оширишга, фуқароларнинг хилма-хил ҳуқуқий ахборотлардан кенгроқ фойдаланиш имкониятини яратишга йўналтирилган даврий нашрлар сирасига киради. Журнал саҳифаларида, шунингдек, давлат ва ҳуқуқ масалалари, суд тизимини такомиллаштиришнинг долзарб муаммоларини ҳал этишга, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги давлат сиёсатини кенг тарғиб қилишга қаратилган илмий-назарий мақолалар эълон қилинади.
Журнал ташкил этилгандан буён ўтган даврда унинг 82 та сони нашр этилди. Йилнинг ҳар чорагида мунтазам ўзбек, инглиз ва рус тилларида нашр этиладиган журнал хорижий ўқувчиларни биринчи навбатда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ва минтақавий ташкилотлар, Ўзбекистон Республикасининг чет эллардаги элчихоналари ёрдамида жаҳоннинг турли мамлакатлари илмий доиралари, ҳуқуқшунослари ва мутахассисларини давлатимизнинг инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган сиёсати билан яқиндан таништиришга хизмат қилмоқда.
Журнал Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттецтация комиссиясининг ҳуқуқшунослик, фалсафа, тарих ва социология фанлари бўйича диссертация асосий илмий натижаларини чоп этиш тавсия этилган илмий нашрлар рўйхатига киритилган.
Таҳририят қошида жаҳоннинг нуфузли ҳуқуқшунос олимлари, хусусан, АҚШ, Германия, Франция, Россия, Польша, Франция, Словакия мутахассисларидан иборат халқаро ҳайъат шакллантирилган. Буларнинг барчаси, мазкур даврий нашрнинг илмий-таҳлилий савиясини тубдан оширишга самарали ҳисса қўшмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 25.11.2019
- Кўришлар: 5008
- Чоп этиш