20 ноябрь – Жаҳон болалар куни. Бу йил мазкур санада Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қабул қилинганлигининг 31 йиллиги ҳамда Бола ҳуқуқлари декларациясининг 61 йиллиги ҳам нишонланмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал САИДОВ ЎзА мухбирига бу ҳақда қуйидагиларни сўзлаб берди:
– Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияда болаларнинг барча ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро миқёсда кафолатланган. Ушбу халқаро ҳуқуқий ҳужжат энг кўп ратификация қилинган инсон ҳуқуқлари шартномаси ҳисобланади. Бугунги кунда мазкур конвенцияга 196 та давлат қўшилган.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган куннинг эртасигаёқ мустақил навқирон мамлакатимиз БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилган. Бу муҳим далил юртимизда болаларга бўлган юксак эътиборнинг яна бир ўзига хос намунасидир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, «Биз учун жамиятда бегона бола йўқ ва бўлмаслиги керак. Ҳаммаси ўзимизнинг, Ўзбекистонимизнинг болалари. Вақтида меҳр кўрсатсак, ишга, илмга, касбу ҳунарга, эзгу фазилатларга ўргатсак, уларнинг йўлини очиб берсак, эртага фойдаси ўзимизга, жамиятимизга тегади».
Ўтган йили Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг 30 йиллигини нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилди. Шу асосда конвенциянинг 30 йиллиги мамлакатимизда кенг миқёсда байрам қилинди.
Янги Ўзбекистонда оналик ва болаликни қўллаб-қувватлаш, болаларнинг маънавий ва жисмоний ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш масалалари алоҳида ва доимий эътиборда турибди. Айниқса, БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси талабларини бажариш борасида катта кўламдаги ишлар амалга оширилмоқда.
Пандемия шароитида ҳам болаларнинг барча ҳуқуқларини изчил рўёбга чиқаришга интилмоқдамиз. Жумладан, мамлакатимизда ҳар бир боланинг билим олишга оид ҳуқуқини таъминлашга жиддий аҳамият берилмоқда.
Бу ҳақда сўз борганда, 2020 йил 23 сентябрь куни "Таълим тўғрисида"ги қонуннинг халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган янги таҳрири қабул қилинганини таъкидлаш лозим. Янги қонун Ўзбекистонда таълим соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, болаларнинг таълим олиш ҳуқуқларини мустаҳкамлаш ҳамда халқаро стандартлар асосида таълим хизматларини ташкил этиш мақсадларига хизмат қилади.
Кейинги йилларда таълим ва тарбия соҳасида кенг кўламли туб ўзгаришлар юз бермоқда. Хусусан, 2025 йилга бориб 3-7 ёшдаги болаларнинг 74,5 фоизини мактабгача таълим билан қамраб олишни назарда тутувчи Мактабгача таълим тизимини ривожлантириш концепцияси ҳаётга жорий этилмоқда. Юртимизда 11 йиллик мактаб таълими тизими қайта тикланди.
2020 йил сентябрь ойидан бошлаб ўқувчиларнинг хоҳиш- истакларидан келиб чиққан ҳолда, мактабгача таълим ташкилотлари, умумтаълим ва касб-ҳунар мактабларида таълим жараёни онлайн ва анъанавий тарзда амалга оширилмоқда.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг “Ҳар бир боланинг барча ҳуқуқларига амал қилиниши керак!” деган даъватига асосан мамлакатимизда сўнгги икки йилда муайян ижобий тажриба тўпланди.
2019 йил 22 апрелда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор бу борадаги ишларимизни янги босқичга олиб чиқди. Жумладан, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими жорий этилди.
Оилада боланинг манфаатларига тааллуқли ҳар қандай масала ҳал қилинаётганда, шунингдек, ҳар қандай суд муҳокамаси ёки маъмурий муҳокама даврида боланинг фикри инобатга олиниши белгилаб берилди. Ушбу қарорни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ташаббуси ҳам Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан илгари сурилган. Бу ташаббус замирида БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини миллий қонунчиликка имплементация қилиш мақсади мужассамдир.
Янги парламентнинг қонун ижодкорлиги йўналишида ҳам бу борада муҳим натижаларга эришилди. Аввало, 2020 йил 10 мартда “Бола ҳуқуқларининг қўшимча кафолатлари белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонун қабул қилинди.
Мазкур қонунга асосан:
– болаларнинг рўйхатда туриш жойи ва фуқаролигидан қатъи назар, уларга барча ижтимоий хизматлар кўрсатилади;
– болаларнинг давлат органларига бевосита қилган мурожаатларини тўлиқ кўриб чиқиш кафолатланади ва бола тўлиқ муомала лаёқатига эга эмаслиги важлари билан бу турдаги мурожаатларни кўрмасдан қолдиришга йўл қўйилмайди;
– ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга алимент ундириш тўғрисида судга даъво қилиш ҳуқуқи берилди;
– болаларни ҳимоя қилиш мақсадида судларга ариза билан мурожаат қилган даъвогар давлат божи ва бошқа тўловларни тўлашдан озод қилинди;
– ўн саккиз ёшга тўлмаган чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахсни Ўзбекистон Республикасидан чиқариб юборишга йўл қўйилмайди.
Шунингдек, БМТ шартномавий органларининг тавсияларига мувофиқ, эркаклар ва аёллар учун никоҳнинг энг кичик ёши – ўн саккиз ёш деб белгиланди.
Шу билан бирга, Олий Мажлис палаталари ва Ҳукуматнинг қўшма қарори билан Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга қулай шарт-шароит яратишга оид миллий ҳаракатлар дастури тасдиқланди.
Жамиятда имконияти чекланган болаларнинг ҳам ўз тенгдошлари билан тенг ҳуқуқли таълим олишлари учун шароитлар яратиш зарур. Зеро, имконияти чекланган болаларнинг алоҳида таълим муассасаларида эмас, балки ўз тенгдошлари билан бирга таҳсил олиши уларнинг ҳолати яхшиланишига ҳамда жамиятнинг тўлақонли аъзосига айланишига имкон яратади.
Шу мақсадда қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, амалиётга жорий этилмоқда. 2020 йил 15 октябрда қабул қилинган “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун шулар жумласидандир.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси доирасида ҳам болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Миллий стратегия ижроси доирасида, жумладан:
– васийлик ва ҳомийлик тизимини ислоҳ қилиш йўли билан болаларнинг оилада яшаш ва тарбияланиш ҳуқуқини таъминлаш;
– етим ва ота-она қарамоғисиз қолган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш;
– бола ҳуқуқларига оид халқаро стандартлар қоидаларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш;
– бу соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиёти устидан самарали парламент ва жамоатчилик назоратини таъминлаш бўйича изчил ишлар бошлаб юборилган.
Айни чоғда, мактабгача таълим ва умумтаълим муассасаларида, академик лицей ва коллежларда "Инсон ҳуқуқлари", "Бола ҳуқуқлари" ўқув курсларини жорий этиш вазифаси белгиланган. Ҳозирги вақтда Марказ томонидан шу соҳага тааллуқли ўқув курси дастури ва “Бола ҳуқуқлари” дарслиги тайёрланмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳузуридаги Ёшлар парламенти Жаҳон болалар куни муносабати билан онлайн кўрик-танлов ўтказди. Танловда 7 ёшдан 18 ёшгача бўлган ўқувчи-ёшлар ўзларининг энг яхши ижро этган қўшқлари, бола ҳуқуқларига доир ижод этган видеоролик ва расмлари билан иштирок этди.
Танлов ғолиблари 20 ноябрь – Жаҳон болалар куни @YoshlarParlamenti_Senat телеграм каналида эълон қилинади. Ғолибларга ҳамкор ташкилотлар томонидан диплом ва эсдалик совғалари топширилади.
Мухтасар айтганда, болаларимиз – бизнинг бугунги ва эртанги кунимиз. Шу боис навқирон авлодимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга зарур шарт-шароитлар яратиш барчамизнинг асосий ҳамда доимий вазифамиздир.
Фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимизни – ёши улуғларимиз, ота-оналар ва болалар, ўғил ва қиз фарзандларимизни Жаҳон болалар куни билан чин қалбдан самимий табриклайман!
ЎзА мухбири
Назокат УСМОНОВА
ёзиб олди.
- Қўшилди: 20.11.2020
- Кўришлар: 4050
- Чоп этиш