Инсон борки, у хоҳ ёш ёки кекса бўлсин, фуқаро сифатида қонуний манфаати тўлақонли таъминланишини истайди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ана шу эзгу мақсад йўлида фаолият юритиб келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг бундан икки йил олдин, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллиги нишонланган санада, яъни 2018 йил 10 декабрда қабул қилинган “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорида белгиланганидек, Марказ:
- ўзининг Конституциямиз, қонунлар ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ меъёрлари қоидаларини амалга ошириш стратегиясини ишлаб чиқиш;
- инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро ва миллий ташкилотлар билан ҳамкорлигини ривожлантириш;
- мамлакатимизда инсон ҳуқуқларига риоя этилиши ва бу ҳуқуқларнинг муҳофаза қилиниши юзасидан миллий маърузалар тайёрлаш;
- давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига, шунингдек инсон ҳуқуқлари бўйича жамоат бирлашмаларига маслаҳатлар бериш;
- инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва муҳофаза қилишнинг турли жиҳатлари юзасидан тадқиқотлар ўтказиш каби вазифаларни амалга оширади.
Яқинда Марказнинг фаол ва катта авлод вакилларидан тўрт нафари “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Жумладан, Эркин Эрназаровга I даражали, Фарида Бакаева ва Фарҳод Низомовга II даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонини “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Содиқжон Турдиев топширди.
Тадбирда сўзга чиққан “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раисининг ўринбосари Шароф Убайдуллаев Марказ фахрийларининг юртимиз нуронийлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ишларини алоҳида таъкидлади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов мамлакатимизда нуронийларнинг ҳуқуқларини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар, юртимизда кексаларга яратилган шарт-шароитлар, пенсия тизимидаги ислоҳотлар самаралари ҳақида тўхталди. Марказнинг “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланган нуронийларини табриклади.
Сайёра ҚОДИРОВА
- Қўшилди: 16.12.2020
- Кўришлар: 3783
- Чоп этиш