Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия - БМТ сессиясининг расмий ҳужжати мақомида

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисидаги маълумотлар БМТнинг олтита тилида нашр этилди ва Бош Ассамблеянинг 74-сессияси расмий ҳужжати сифатида тарқатилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири. Ушбу нашр ишлари сессия кун тартибининг "Инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш" номли 70-банди доирасида амалга оширилган.

Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий ваколатхонаси маълумотларига кўра, Миллий стратегияни тасдиқлаш тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек БМТнинг Расмий ҳужжатлар тизимига А/74/932-рақам билан жойлаштирилган. Натижада дунё жамоатчилиги Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясининг араб, инглиз, испан, хитой, рус ва француз тилларидаги матни билан танишиши учун қулай имконият юзага келди.

Маълумот учун: Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июндаги Фармони билан тасдиқланган. Ушбу ҳужжат лойиҳасини тайёрлашда халқаро ташкилотлар, шу жумладан БМТ устав органлари ва шартномавий қўмиталари тавсиялари инобатга олинган.

Миллий стратегия Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилишнинг долзарб масалаларини ҳар томонлама ўрганиш, амалдаги қонун ҳужжатлари, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва мақбул хорижий амалиёт таҳлили, шунингдек кенг жамоатчилик муҳокамаси, халқаро ва миллий маслаҳатлашувлар натижалари асосида ишлаб чиқилган.

Ўзбекистон Президентининг Фармони билан, шунингдек Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегияни амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» тасдиқланган. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига Миллий стратегия ва «Йўл харитаси»нинг сифатли ҳамда ўз вақтида амалга оширилиши бўйича доимий мониторинг олиб бориш вазифаси юклатилган.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech