Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича «ЙЎЛ ХАРИТАСИ»нинг ижроси юзасидан МАЪЛУМОТ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июндаги ПФ-6012-сон Фармони билан тасдиқланган “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси” V-бўлими 2-қисми 1-бандига мувофиқ, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”да белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши юзасидан 2021 йил 20 январь ҳолатида ҳолатидаги мониторинг натижаларига кўра қуйидагиларни маълум қилинади.

  1. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг жами 78 бандидан 32 банди бўйича ижро муддати якунланган, 20 та банд бўйича ишлар ўз муддатида бажарилган, 2 та банд бўйича муддатидан олдин бажарилган, 12 та банд бажарилмоқда.

Ижро муддати якунланмаган 46 та бандни амалга ошириш бўйича ишлар давом этмоқда.

  1. “Миллий стратегия”да жами 33 та қонун лойиҳаси, жумладан, янги қонун лойиҳалари – 20 та, амалдаги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳалари – 4 та, амалдаги қонунларнинг янги таҳрирдаги лойиҳалари – 9 та ишлаб чиқиш назарда тутилган.

“Миллий стратегия”да белгиланган ушбу қонун лойиҳалари бўйича бандларнинг 12 таси ижро қилинган, 21 таси ижро қилинмоқда.

Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонуни (янги таҳрири), “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисидаги қонуни (янги таҳрири) қабул қилинди, шунингдек, “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги ҳамда “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонунлари қабул қилинди.

Шунингдек, 3 та янги кодекс (Соғлиқни сақлаш кодекси, Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги кодекси, Экология кодекси) лойиҳаси, 7 та амалдаги кодекснинг янги таҳрири (Фуқаролик кодекси, Меҳнат кодекси, Жиноят кодекси, Жиноят-ижроия кодекси, Жиноят процессуал кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси, Уй-жой кодекси) лойиҳаси тайёрланиб, уларни қабул қилиш жараёни амалга оширилмоқда. 2 та янги кодекс (Ахборот кодекси, Тадбиркорлик кодекси) лойиҳасини ишлаб чиқишга тайёргарлик босқичи амалга ошмоқда.

Бундан ташқари 6 та янги қонунлар (“Фавқулодда ҳолат тўғрисида”ги, “Судьялар ҳамжамияти органлари тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий мақоми тўғрисида”ги, “Хусусийлаштириш тўғрисида”ги, “Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида”ги, «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги (янги таҳрири)) лойиҳаси тайёрланиб қабул қилинмоқда.

  1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармонининг 6-банди ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасини Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 3 ноябрдаги 685-сонли қарори билан “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони тўғрисидаги низом тасдиқланди. Кўкрак нишони билан тақдирлаш маросими жорий йил 10 декабрь – Халқаро инсон ҳуқуқлари кунида ўтказилиб, кўкрак нишони ўз соҳибларига тантанали равишда топширилди. “Кўкрак нишони” билан тақдирланганлар рўйхати Марказ веб-сайтида ва бошқа оммавий ахборот воситаларида эълон қилинди.
  2. Фармоннинг 7-банди ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 октябрдаги 641-сон "Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми концепцияси ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумини ўтказиш регламентини тасдиқлаш тўғрисида"ги Қарори қабул қилинди. Қарор билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми концепцияси, регламенти, ўтказиш Ташкилий қўмита таркиби тасдиқланди.

Шунингдек, Фармоннинг 12-банди ижросини таъминлаш мақсадида Марказ томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига кушимчалар ва ўзгартириш лар киритиш тўғрисида”ги Фармони лойиҳаси ишлаб чиқилди, манфаатдор вазирлик ва идораларга келишилиб, Президент Администрациясига киритилган.

  1. Фармон билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясининг 3-бўлим 14-банди ижросини таъминлаш мақсадида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига Ўзбекистон Республикаси сайланишини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширилди.

2020 йил 13 октябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси сессиясида бўлиб ўтган сайловларда Ўзбекистон миллий давлатчилигимиз тарихида илк бор БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига уч йил муддатга – 2021-2023 йилларга сайланди. Мамлакатимиз учун БМТга аъзо 193 давлатдан 169 таси овоз берди. Бу сайловда Осиё давлатлар минтақсидан энг кўп овоз берилган давлат Ўзбекистон бўлди.

  1. “Йўл харита”нинг 4-банди ижросини таъминлаш мақсадида, суд ва ҳуқуқни мухофаза қилувчи органлари раҳбар ходимларининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги малакасини ошириш бўйича “Инсон қадр-қиммати - энг олий қадрият” махсус ўқув модули ишлаб чиқилди. Мазкур модул асосида ҳозирга қадар 32 та вебинар ўтказилиб, жами 500 нафардан ортиқ раҳбар ходимлар ўқитилди. Ўқув жараёнига етакчи халқаро мутахассислар жалб этилиб, ўқув курси БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси, БМТнинг Қочоқлар масалалари бўйича Олий комиссари бошқармаси, БМТнинг Тараққиёт дастури, UNODC, ЕХҲТнинг лойиҳалар координатори билан ҳамкорликда ўтказилди.
  2. “Йўл харита”нинг 69-банди ижросини таъминлаш мақсадида, Олий аттестация комиссияси Раёсатининг 2020 йил 30 июндаги 281/7-сон қарори билан “Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар рўйхати”га 12.00.13 - «Инсон ҳуқуқлари (юридик фанлар, социология фанлари)» ихтисослиги киритилди. Олий аттестация комиссиясининг 2020 йил 30 ноябрдаги 403-сонли қарори билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳузурида юридик фанлар ва социология фанлари бўйича фан доктори (DSc) ва фалсафа доктори (PhD) илмий даражаларини берувчи илмий кенгаш тузилди.
  3. “Йўл харита”нинг 23-банди ижроси таъминланиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенати Кенгашининг 2020 йил 25 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро мажбуриятларга риоя этилиши бўйича Парламент комиссиясини тузиш тўғрисида”ги қўшма қарори қабул қилинди. Қўшма қарорга асосан, Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича Парламент комиссияси тузилди ва унинг таркиби ҳамда Регламенти тасдиқланди. Парламент комиссияси ўзининг фаолиятини бошлади.
  4. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларида ёритиш ишлари давом эттирилди. Бугунга қадар жами 134 та, шу жумладан 94 та электрон, 21 та босма маҳаллий оммавий ахборот воситалари, 19 та хорижий оммавий ахборот воситалари Миллий стратегияни ёритишда иштирок этган.
  5. “Йўл харита”нинг 74 ва 76-бандларини амалга ошириш доирасида жорий йил 12-13 август кунлари ўтказилган «Ёшлар-2020: глобал бирдамлик, барқарор ривожланиш ва инсон ҳуқуқлари» мавзусидаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд онлайн форуми якунлари бўйича қабул қилинган резолюция БМТ Бош Ассамблеяси 74-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида тақдим этилди.

Айни пайтда Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форуми резолюцияси БМТнинг Расмий ҳужжатлар тизимида А/74/998 рақами остида жойлаштирилган. БМТнинг 6 та расмий тили - араб, инглиз, испан, хитой, рус ва француз тилларига таржима қилинган.

  1. Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ) Доимий кенгашининг яқинда бўлиб ўтган мажлиси якунида Самарқанд резолюцияси ЕХҲТ Доимий кенгашининг расмий ҳужжати сифатида тарқатилди. Шунингдек, Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Бош котибиятининг 2020 йил 31 августдаги OIC/CULT-05(31)/2020/002736-сонли расмий хати билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форумининг якуний ҳужжати ИҲТга аъзо барча давлатларга юборилган.

Бундан ташқари, Самарқанд резолюцияси матни Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ) ташкилотининг расмий сайтида эълон қилинган.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech