Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форуми резолюцияси - халқаро ҳамжамият эътирофида

Аввал хабар қилинганидек, жорий йил 12-13 август кунлари ўтказилган «Ёшлар-2020: глобал ҳамжиҳатлик, барқарор ривожланиш ва инсон ҳуқуқлари» мавзусидаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд онлайн форуми якунлари бўйича қабул қилинган резолюция БМТ Бош Ассамблеяси 74-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида тақдим этилди.

Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Доимий кенгашининг яқинда бўлиб ўтган мажлиси якунида «Ёшлар-2020: глобал бирдамлик, барқарор ривожланиш ва инсон ҳуқуқлари» деб номланган Самарқанд резолюцияси ЕХҲТ Доимий кенгашининг расмий ҳужжати сифатида тарқатилди.

Шунингдек, Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Бош котибиятининг 2020 йил 31 августдаги OIC/CULT-05(31)/2020/002736-сонли расмий хати билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форумининг якуний ҳужжати ИҲТга аъзо барча давлатларга юборилган.

Бундан ташқари, Самарқанд  резолюцияси матни Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ) ташкилотининг расмий сайтида эълон қилинган.

Айни пайтда Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форуми резолюцияси БМТнинг Расмий ҳужжатлар тизимида А/74/998 рақами остида жойлаштирилган.

БМТнинг 6 та расмий тили - араб, инглиз, испан, хитой, рус ва француз тилларига таржима қилинган ушбу матн билан https://www.undocs.org/ru/A/74/998 ҳаволаси орқали танишиш мумкин.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech