2020 йил 13 август куни ёшлар ҳуқуқларини тарғиб қилишнинг долзарб масалаларига бағишланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форуми ўз ишини давом эттирди.
Анжуманнинг учинчи ялпи мажлисида ёшлар учун инсон ҳуқуқлари бўйича таълим масалалари муҳокама қилинди. Мазкур сессияга БМТ Аҳолишунослик фондининг (ЮНФПА) Ўзбекистондаги вакили ва Тожикистондаги ваколатхонаси раҳбари Йу Йу билан Тошкент давлат юридик университети ректори Раҳим Ҳакимов модераторлик қилди.
Иштирокчилар ёшларга инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим бериш бўйича халқаро тажрибани таҳлил қилдилар. Мунозаралар асносида дунё ёшларининг инсон ҳуқуқлари борасидаги саводхонлигини ошириш зарурлиги таъкидланди.
Айни йўналишда амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди. Бинобарин, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бугунги ва эртанги ёшларга бевосита боғлиқ.
Тўртинчи ялпи мажлис "Тинчлик ва хавфсизликни илгари суришда ёшларнинг роли: 2030 йилгача янада хавфсизроқ келажакка назар" деган мавзу муҳокамасига бағишланди. ЕХҲТнинг Ёшлар ишлари бўйича маслаҳатчиси Анастасия Фуско билан Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев модераторлигида ўтган ушбу сессияда хавфсизлик ва ҳамкорлик масалаларига ҳар томонлама ёндашувни мустаҳкамлашда ёшларнинг ўрни ҳамда аҳамиятини ёритиш масалалари кўриб чиқилди.
Форумда таъкидланганидек, БМТ доирасида ва ундан ташқарида ёшлар масаласи тез-тез муҳокама марказига қўйилмоқда. Аммо, глобал ривожланиш даврида олдинга қараб бир неча қадам, натижали қадамлар қўйиш зарурати мавжуд. Шу нуқтаи назардан, иштирокчиларнинг баҳолашича, Самарқанд веб-форуми ер юзидаги ёшларнинг ҳаётини яхшилаш учун глобал ҳамкорликнинг муҳимлигини алоҳида таъкидлашга қаратилгани билан ғоятда аҳамиятлидир.
Бунда, айниқса, БМТ Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенциясининг қабул қилиниши келгусида жаҳондаги барча давлатлар ёшлар масалаларига бўлган эътиборни тубдан оширишига хизмат қилиши алоҳида таъкидланди. Ёшларнинг алоҳида ҳуқуқларига жиддий эътибор қаратилиши, ўз навбатида, навқирон авлод вакилларига манзилли кўмак кўрсатишда улкан омил бўлади.
Ушбу халқаро ҳужжатнинг мақсади - дунё бўйича ёшларнинг эҳтиёжларини қондириш, ёшларнинг энг мақбул қизиқишлари, эркинликлари ва ҳуқуқлари кафолати ҳамда салоҳиятини мустаҳкамлаш учун халқаро, минтақавий ва миллий даражадаги саъй-ҳаракатларни кучайтиришдан иборат.
Худди шундай истиқболли ташаббуслар ва амалий таклиф-тавсиялар халқаро анжуманнинг якуний ҳужжати лойиҳасидан ҳам жой олган. Иштирокчилар уни тасдиқлаш юзасидан атрофлича фикр алмашдилар.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий вакили Ришард Коменда, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси элчи Жон МакГрегор, БМТнинг Наркотиклар ва жиноятга қарши кураш бўйича бошқармасининг минтақавий вакили Ашита Миттал ва бошқаларнинг чиқишлари тингланди.
Шундан сўнг "Ёшлар-2020: глобал бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари" номли Самарқанд резолюцияси қабул қилинди.
Халқаро анжуман ниҳоясида Самарқанд форумининг бевосита ташаббускори Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга тадбир иштирокчилари ва жаҳон ёшларига йўллаган самимий тилаклари учун чуқур миннатдорчилик билдирилди.
Самарқанд веб-форуми иштирокчилари халқаро анжуманга пухта тайёргарлик кўрилганини алоҳида қайд этдилар. Бу, ўз навбатида, мунозара ва муҳокамалар самарадорлигини, умуман, халқаро анжуманнинг юқори савияда ўтишини таъминлагани эътироф этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 13.08.2020
- Кўришлар: 4313
- Чоп этиш