2020 йилнинг 12-13 август кунлари ёшлар ҳуқуқларини тарғиб қилишнинг долзарб масалаларига бағишланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форумини ўтказишга тайёргарлик ишлари давом этмоқда.
Форумда иштирок этиш учун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европа Иттифоқи, Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Африка Иттифоқи тизимидаги ёшлар тузилмалари раҳбарлари, дипломатик корпус вакиллари, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро, минтақавий ва миллий институтлар, фуқаролик жамияти институтлари, ёшлар ташкилотлари вакиллари, олимлар ва экспертлар, жами 300 дан ортиқ киши ихтиёр билдирган.
Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти, Ёшлар ишлари бўйича агентлик, ёшлар ташкилотлари вакилларининг фаол иштирок этиши кутилмоқда.
Самарқанд форуми давомида иштирокчилар ёшлар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича муаммоларни батафсил кўриб чиқиш ва ёшлар ҳуқуқларини таъминлашнинг халқаро ва минтақавий механизмларини такомиллаштириш масалаларини муҳокама қилиш имкониятига эга бўлади.
Самарқанд форумида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. М. Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги таклифига мувофиқ тайёрланган БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари бўйича конвенцияси лойиҳаси биринчи марта жаҳоннинг етакчи экспертлари муҳокамаси учун тақдим қилинади.
Конвенция лойиҳаси муҳокамаларида барча қизиққан кишилар ўз таклиф ва мулоҳазалари билан қатнашиши мумкин.
Ёшлар ҳуқуқлари бўйича конвенция лойиҳаси муҳокама учун форумнинг расмий сайтида (http://www.asianforum.uz/) жойлаштирилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 04.08.2020
- Кўришлар: 3836
- Чоп этиш