Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги илмий тадқиқотларни ривожлантириш йўлида муҳим қадам қўйилди

Ўзбекистонда янги бир Маърифий уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилаётган ҳозирги жараёнларнинг муҳим жиҳати инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасининг ривожланаётгани билан чамбарчас боғлиқ. Куни кеча ушбу йўналишда яна бир муҳим тадбир амалга оширилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясини ижро этиш доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳузурида юридик фанлар ва социология фанлари бўйича илмий даражалар берувчи илмий кенгаш тузилди. Илмий кенгашга “Инсон ҳуқуқлари” (юридик фанлар, социология фанлари) ихтисослиги бўйича диссертациялар ҳимоясини ўтказишга рухсат берилди.

2020 йил 23 декабрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида мазкур Илмий кенгашнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишни Кенгаш раиси, Марказ директорининг биринчи ўринбосари, юридик фанлар доктори М.Тиллабоев олиб борди. Илмий кенгаш аъзолари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, социология фанлари доктори Т. Норбоева, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, академик А.Саидов, Г.В. Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент шаҳридаги филиали ректори, академик Қ.Абдурахманов, юридик фанлар доктори А.Тўлаганов сўзга чиқиб, “Инсон ҳуқуқлари” ихтисослиги очилганлигининг аҳамияти ҳамда Илмий кенгаш олдида турган вазифалар тўғрисида гапирдилар.

Тадбирда таъкидланганидек, янги ихтисослик жорий қилиниши мисолида Ўзбекистон шу соҳада малакали илмий ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлашни ихтисослаштираётган жаҳондаги дастлабки мамлакатлардан бирига айланганини кўрсатади. Янги ихтисослик инсон ҳуқуқлари соҳасидаги муаммоларнинг ҳам юридик, ҳам социологик жиҳатдан тадқиқ этилишини таъминлайди.

Бу борадаги тадқиқот ишларининг салмоғи ва сифати, авваламбор, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг халқаро, минтақавий ва миллий асосларини назарий ҳамда амалий жиҳатдан ўрганишда муҳим омил бўлади. Шу билан бирга, янги Илмий кенгаш фундаментал тадқиқотларни амалга ошириш учун янги тадқиқот майдонига айланиб, келажакда инсон ҳуқуқлари соҳасида илмий мактабларнинг ривожланишига туртки бериши тайин.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech