Инсон ҳуқуқлари ва тиббий таълим истиқболлари

Бугун дунё ҳамжамиятини ташвишга солаётган коронавируснинг нақадар тез тарқалаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Жаҳоннинг 184 та мамлакатига чангал солиб улгурган COVID-19 пандемияси аввало инсоннинг иккита асосий ҳуқуқи - соғлиги ва ҳаётига шафқатсизларча дахл қилмоқда.

"Johns Hopkins University" тарқатган маълумотларга кўра, 2020 йил 10 апрель ҳолатига, дунё миқёсида коронавирусдан зарарланганларнинг умумий сони 1 миллион 601 минг 984 нафар кишига етган. Улардан 355 минг 66 нафари касалликдан соғайган, 95 минг 731 нафари вафот этган.

Маълумки, инсоннинг офияти, яъни соғ-саломат юриши унинг тиббий хизматдан фойдаланишга доир асосий конституциявий ижтимоий ҳуқуқи қанчалик таъминланганига боғлиқ. Шу маънода, ҳар ким давлатга қарашли ва нодавлат тиббий муассасаларда малакали тиббий ёрдам олиш имкониятига эга бўлиши керак.

Давлат эса аҳоли соғлиғини муҳофаза қилиш ва мустаҳкамлаш, инсонлар учун қулай экологик ва санитария-эпидемиология шароитларини яратишда ёрдам бериш каби мажбуриятларни зиммасига олади. Бунда давлатларга Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти кўмаклашади.

Яшаш ҳуқуқи - инсоннинг халқаро ҳуқуқ ва аксарият демократик давлатлар Конституциялари, шу жумладан, Ўзбекистон Конституцияси билан ҳимояланган асосий шахсий ҳуқуқларидан биридир. Бу ҳуқуқ ҳар бир инсоннинг туғилиши билан вужудга келади ва бутун ҳаёти давомида ажралмас ҳуқуқи бўлиб қолади.

Ҳозирги вақтда халқаро ҳамжамиятнинг асосий эътибори коронавирус туфайли инсоннинг ана шу узвий ҳуқуқларини таъминлаш борасида юзага келаётган муаммоларни бартараф этишга қаратилган. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, "Дунё бўйлаб, хусусан, мамлакатимизда шифокорларнинг ўз касбига садоқати, халқимиз, ота-оналаримиз, фарзандларимиз соғлиғи йўлида туну кун қилаётган меҳнати барчамиз учун жасорат намунаси бўлмоқда".

Афсуски, коронавируснинг кутилмаган даражадаги кенг қамров ва жадал суръатларда тарқалиши манаман деган иқтисодий бақувват давлатларни ҳам анчайин шошириб қўймоқда. Бир томондан, даволаш жойлари, тиббий асбоб-ускуналар, дори-дармонлар тақчиллиги кузатилса, бошқа томондан, тиббиёт мутахассислари, шифокор ва ҳамширалар етишмаслиги панд бермоқда.

Бу бежиз эмас, албатта. Айрим экспертларнинг фикрича, ХХ асрнинг 80-йилларида ҳаётнинг деярли барча соҳаларига таъсир кўрсатган неолиберал сиёсат кўплаб мамлакатларда соғлиқни сақлаш тизимида аҳоли салмоғининг сезиларли даражада камайишига олиб келган. Ўз навбатида, соғлиқни сақлаш тизимининг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши глобал молиявий инқироздан кейин кучга кирган тежамкорлик сиёсати сабаб буткул сусайган.

Оқибатда баъзи Ғарб мамлакатларининг соғлиқни сақлаш тизими бугунги эпидемияга бардош бера олмади. Эндиликда жамоатчилик томонидан билдирилаётган ҳақли танқидларни инобатга олган ҳолда, кўплаб мамлакатларда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш масаласи тез орада кун тартибига чиқиши аниқ.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига қараганда, ҳозирги кунда бутун дунёда ҳамширалар тақчиллиги 5,9 миллион нафарни ташкил қилади. Бу тақчиллик Африка, Жануби-Шарқий Осиё, Шарқий Ўрта ер денгизи минтақаси ва Лотин Америкасининг бир қатор давлатларида айниқса кучли сезилмоқда.

Мутахассисларнинг тавсиясига кўра, ҳамширалар етишмаслигининг олдини олиш учун бундай муаммога тўқнаш келувчи давлатлар ушбу соҳадаги битирувчилар сонини ўртача 8 фоиз ошириши лозим. Шу билан бир қаторда, улар учун иш ўринлари ташкил этиш тақозо қилинади.

Бу ҳақда фикр юритганда, Ўзбекистоннинг тиббиёт соҳаси мутахассисларини тайёрлаш борасидаги янги ташаббуси таҳсин ва ибратга муносиб эканини таъкидлаш ўринлидир. Биз Президентимизнинг 2020 йил 7 апрелда қабул қилинган «Тиббий-санитария соҳасида кадрларни тайёрлаш ва узлуксиз касбий ривожлантиришнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорини назарда тутмоқдамиз.

Қарорга мувофиқ, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан жами 47 та тиббиёт коллежи Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари этиб қайта ташкил этилади.  Уларда малакали мутахассислар тайёрланади. Буларнинг барчаси халқимиз саломатлигини ўйлаб амалга оширилаётган эзгу ишлардир. 

Ушбу техникумларнинг моддий-техник базаси янада кучайтирилиб, ўқув-симуляция аудиториялари очилади. Ўқув режалари ва фан дастурлари илғор хорижий тажрибалар асосида такомиллаштирилади. Жумладан, валеология, тиббий психология, диетология, кинезиология, реабилитология фанларини чуқурлаштирилган ҳолда ўқитиш йўлга қўйилади.

Президент қарорига кўра, тиббиёт олий таълим муассасаларининг малакали профессор-ўқитувчиларини жалб қилган ҳолда мазкур техникумларда масофавий таълим дарс машғулотларини ўтказишга алоҳида эътибор қаратилади. Бу техникумларни муваффақиятли битирган ёшлар тиббиёт олий таълим муассасаларида имтиҳонсиз, суҳбат орқали бакалавриатнинг 2-курсидан ўқишни давом эттириш имкониятига эга бўлади.

Яна бир муҳим янгилик: Ўзбекистонда жамоат саломатлиги ва санитария-эпидемиология назорати хизматлари соҳасида олий маълумотли кадрларни тайёрлаш бўйича алоҳида тиббиёт олий таълим муассасаси ташкил этилади.

Қарорнинг мазмун-моҳиятини атрофлича ўрганиб, у коронавирус пандемиясининг вақтинчалик муаммолари тақозоси билан қабул қилинган ҳужжат эмас, балки Ҳаракатлар стратегияси ижроси доирасида тизимли асосда қабул қилинган истиқболли дастурий қарор эканига амин бўлдик.

Унда ушбу соҳадаги яқин ва узоқ муддатли муҳим вазифаларни ўзида қамраган, соҳада бошланган шиддатли ислоҳотларни янада юксак босқичга кўтаришга қаратилган муҳим ташаббуслар ўз аксини топган. Бу фикримизни қуйидаги далиллар ҳам тасдиқлайди.

Хусусан, 2021 йил 1 январга қадар Н.И.Пирогов номидаги Россия миллий тадқиқот тиббиёт университети ва Туркия Бахчишеҳир университетининг филиаллари ва клиникаларини ташкил этиш, шунингдек, халқаро рейтингларга кирувчи нуфузли хорижий тиббиёт олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари асосида халқаро факультетлар ва филиалларни очиш чоралари кўрилади.

Халқаро Вестминстер ва Акфа университетларини жалб қилган ҳолда, ушбу университетлар ҳамда тиббиёт олий таълим муассасаларида 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб соғлиқни сақлаш соҳаси учун менежер мутахассисларни тайёрлаш бўйича магистрлик йўналиши очилади.

Бундан ташқари, янги ўқув йилида бошлаб тиббиёт йўналишида давлат гранти асосида қабул квоталари ҳудудларнинг шифокорларга бўлган эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда шакллантирилади. Бу ўринда 2020−2021 ўқув йилидан эътиборан бакалавриатнинг «Даволаш иши», «Педиатрия иши» ва «Касбий таълим (даволаш иши)» йўналишлари бўйича давлат гранти асосида қабул квоталари туман ва шаҳарлар кесимида шакллантирилиши ҳақида сўз бормоқда.

Битирувчиларни яшаш бўйича рўйхатга олинган жойидан қатъий назар қабул квотасида кўрсатилган туман ёки шаҳарда камида 5 йил ишлаш мажбурияти киритилади ва истисно ҳолатларнинг рўйхати белгиланади. Врачларга эҳтиёж юқори бўлган ҳудудлар учун келгуси ўқув йилида бакалавриат ва магистратурага давлат гранти асосида ўқишга қабул параметрлари 50 фоизгача оширилади.

Шунингдек, 2020−2021 ўқув йилидан бошлаб клиник ординатура талабаларининг битирув курсини ҳудудий тиббиёт марказларида ташкил этиш тизими йўлга қўйилади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабарида қайд этилишича, ушбу чоралар амалиётга йўналтирилган тиббий таълимни ривожлантириш ва ҳудудларни тор мутахассисликлар бўйича врачлар билан таъминлашга хизмат қилади.

Бакалавриат ва магистратура ўқув режаларидаги мутахассисликка оид бўлмаган фанлар 2 баробар қисқартирилади. Уларнинг ўрнига замонавий диагностика ва даволаш усулларини ўрганиш фанлари киритилади.

Жорий йил 1 сентябрдан Нукус, Андижон, Бухоро, Самарқанд, Урганч ва Фарғона шаҳарларида жойлашган тиббиёт олий таълим муассасаларида белгиланган тартибда фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражаларини берувчи илмий кенгашлар ташкил этилади. Илмий даражага эга тиббий ходимлар маоши сезиларли даражада оширилади.

Хулоса қилиб айтганда, Президентимизнинг янги қарорида тиббиёт соҳаси учун етук ва чуқур билимга эга кадрларни замонавий таълим стандартлари асосида тайёрлаш, тиббиёт муассасаларини профессионал мутахассислар билан таъминлаш, шунингдек, 2019–2025 йилларда Ўзбекистон Республикасининг соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепциясида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш асосий мақсад қилиб қўйилган.

Энг муҳими, Ўзбекистонда тиббий-санитария соҳасида кадрларни тайёрлаш ва узлуксиз касбий ривожлантиришнинг мутлақо янги тизими жорий этилмоқда.

 

Ғулом Мирзо

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech