Пойтахтимизда гендер ва ёшлар масалалари бўйича ҳамкорликни ривожлантиришга бағишланган халқаро форум иши учта шўъба масжлисларида давом этмоқда.
Ёшларнинг тараққиётда тутган ўрнини кучайтириш, уларнинг ташаббус ва салоҳиятидан фойдаланишга қаратилган биринчи шўъбада Ўзбекистон Республикаси Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари С.Мирзиёева, Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси А. Саъдуллаев мамлакатимизда ёшларга кенг имкониятлар яратилаётганини таъкидлади, деб хабар берди ЎзА.
Ёшлар сиёсати масалалари бўйича ҳуқуқий база ҳам такомиллаштирилмоқда. Жумладан, бу йўналишда 40 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат, жумладан, 3 та қонун, Президентнинг 5 та фармони ва 8 та қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 18 та қарори қабул қилинди.
Ёшлар билан боғлиқ деярли 70 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ўсиб келаётган авлод салоҳиятини рўёбга чиқариш борасидаги бешта муҳим ташаббусини ҳаётга татбиқ этиш бўйича изчил фаолият амалга оширилмоқда. Мамлакатда ёшларнинг ижодий ривожланиши, шу жумладан имконияти чекланган шахслар учун барча шарт-шароитлар яратилмоқда.
Форум иштирокчилари хорижий мамлакатларда ёшлар манфаатларини рўёбга чиқариш, ёшлар ташкилотлари етакчиларини ўқитиш ва тайёрлаш халқаро дастурларини амалга ошириш, Европа, Марказий Осиё ва МДҲ мамлакатларидаги ёшлар сиёсатини амалга ошириш тенденциялари ҳақида ҳам хабардор этилди.
Форумда Сенат раиси Т. Норбоева ёшлар учун келгусида яна кенг имкониятлар яратиш устида иш олиб борилаётганини қайд этар экан, 2020 йилда Ўзбекистонда ёшлар парламенти тузилишини ҳам таъкидлади.
Ёшлар парламенти аъзолари ёшларга дахлдор қонунлар тайёрланиши, такомиллаштирилишида сенаторлар билан бирга иштирок этади. Бу жараёнда уларнинг фикрлари инобатга олинади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
(ЎзА фотосуратларидан фойдаланилди)
- Қўшилди: 28.11.2019
- Кўришлар: 4903
- Чоп этиш