Мамлакатимиз инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш йўлидан изчил одимламоқда. Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенати Кенгаши 2020 йил 15 октябрь куни бу борада муҳим аҳамият касб этадиган қўшма қарор қабул қилди.
Ушбу қўшма қарор билан "Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги халқаро конвенция қоидаларини бажариш бўйича Ўзбекистон Республикасининг Ўнинчи – Ўн иккинчи даврий маърузаларини кўриб чиқиш якунлари юзасидан БМТ Ирқий камситишни тугатиш бўйича қўмитасининг якуний мулоҳазалари ва тавсияларини бажариш юзасидан 2020 – 2022 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракатлар режаси" тасдиқланди.
Миллий ҳаракатлар режасида БМТ Ирқий камситишни тугатиш бўйича қўмитасининг 19 та тавсиясини амалга ошириш бўйича бир қатор аниқ тадбирлар қайд этилган. Шунингдек, ушбу вазифаларни амалга ошириш механизмлари, бажариш муддатлари ва масъул ижрочилар белгиланган.
Миллий ҳаракатлар режасининг ижросини таъминлаш вазифаси Вазирлар Маҳкамаси зиммасига юкланган. Қўшма қарорга мувофиқ, Миллий ҳаракатлар режасининг амалга оширилишини мониторинг қилиш бўйича ишчи гуруҳ таркиби ҳам тузилган.
Ишчи гуруҳ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари, Вазирлар Маҳкамаси таркибидаги тузилмалар, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, вазирликлар, давлат ва нодавлат ташкилотлари раҳбарларидан иборат.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 06.11.2020
- Кўришлар: 3899
- Чоп этиш