28 январь куни шу мавзуда “Zoom” онлайн платформасида давра суҳбати ўтказилди. Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти, Наманган давлат университети, Термиз давлат университети, Нукус давлат университети ҳамда Самарқанд давлат университети билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш даврида сайловчилар ҳуқуқий маданиятини юксалтириш масалалари ҳақида сўз борди. Иштирокчилар мамлакатимизнинг барқарор тараққиёти, халқимиз турмуш фаровонлиги ва ёрқин келажагини кафолатлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга мазкур муҳим сиёсий жараённи юксак даражада ташкил этиш энг долзарб вазифалардан бири эканини таъкидладилар.
Сайловни Конституция ва қонунларимиз, умумэътироф этилган халқаро демократик стандартлар асосида ва уларга тўла риоя қилган ҳолда ўтказиш, кўп жиҳатдан, жамиятимиз сиёсий маданиятига, сайловчиларнинг юксак фаоллиги ва фуқаролик бурчини чуқур англаши ҳамда сиёсий етуклигини намоён этишига боғлиқ.
Чунки ҳар бир сайловчи демократик ислоҳотлардан бохабар бўлса, бу жараёнга онгли равишда ёндашса, ўз овози жамият ва давлат ҳаёти, келажак учун аҳамиятли эканини, сайловчи сифатида зиммасида катта масъулият борлигини англаб етсагина, сайловлардан кўзланган мақсадга эришилади.
Сайлов – бу, аввало, ўз ҳуқуқини англаган ҳолда, эркин танлаш ва онгли овоз бериш деганидир. Шу маънода, давра суҳбатида миллий сайлов қонунчилигини такомиллаштириш, уни умумэътироф этилган халқаро стандартларга мувофиқлаштириш ва амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар билан уйғунлаштириш истиқболлари ҳақида фикр юритилди.
Мамлакатимизнинг сиёсий нуфузини янги босқичга кўтариш, халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини янада яхшилаш асосий вазифалардан бири экани алоҳида қайд этилди. Шунингдек, 2019 йилда бўлиб ўтган парламент сайловларида кузатилган айрим камчилик ва муаммоларни бартараф этиш, халқаро ташкилотларнинг мақбул тавсияларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш орқали юртимизда бу соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар моҳиятини халқаро ҳамжамиятга етказиш зарурати таъкидланди.
Хусусан, 2020 йилги Давлат дастурида белгиланган вазифалар, миллий экспертлар тавсиялари асосида ишлаб чиқилган таклифлар, Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси тавсиялари асосида миллий қонунчиликка киритилаётган ўзгартиришлар атрофлича кўриб чиқилди.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, Президент сайлови, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий вакиллик органларига сайловлар тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилиши, эндиликда сайловларни октябрь-ноябрь ойларида ўтказиш билан боғлиқ таклифлар ва бу борада тайёрланган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси муҳокама қилинди.
Шундай қилиб, миллий сайлов қонунчилиги умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартлари асосида янада такомиллаштирилади. Натижада у сайлов жараёнларининг очиқ ва ошкора ўтишини таъминлашга хизмат қилади.
Бунда Ўзбекистоннинг жаҳон мамлакатлари демократия индексидаги ўрни яхшиланиши таъминланади. Сайловлардан кейин олий давлат органларини ўз вақтида шакллантириш ва муҳим сиёсий қарорларни қабул қилиш учун имкон беради. Фуқароларнинг сайловлардаги иштироки бўйича салбий ҳолатларнинг олди олинади ҳамда кузатувчилар ва сайловчилар учун қулай шароитлар юзага келади.
Энг муҳими, миллий сайлов қонунчилигига киритиладиган ўзгартиш ва қўшимчалар овоз бериш куни онгли равишда қарор қабул қилишга замин яратади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 28.01.2021
- Кўришлар: 3754
- Чоп этиш