21 декабрь куни “Истанбул протоколига мувофиқ қийноқлар ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ёки жазони самарали тергов қилиш ва ҳужжатлаштириш” мавзуида навбатдаги уч кунлик тренинг бошланди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов иштирок этди ва иштирокчиларни қутлади.
Тренингдан кўзланган мақсад – Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Бош прокуратура Академияси ва Адвокатлар палатаси вакилларини Истанбул протоколининг асосий қоидалари ҳамда қийноқларни тергов қилиш, ҳужжатлаштириш ва судга бериш жараёни билан таништиришдан иборат.
Тренинг давомида иштирокчилар тиббий-ҳуқуқий ҳужжатлар, қийноқ турлари ва уларнинг соғлиқ учун оқибатлари, Инсон хуқуқлари бўйича Европа суди ва БМТнинг қийноқларга қарши қўмитаси билан танишдилар.
Махсус таклиф этилган халқаро экспертлар қийноқларни тергов қилиш ва ҳужжатлаштириш, Истанбул протоколи бўйича қийноқларни тергов қилишнинг халқаро стандартлари, қийноқларни тергов қилишда мутахассисларнинг ўзаро ҳамкорлиги, қийноқларнинг жисмоний ва психологик далиллари ва бошқалар тўғрисида маълумот бердилар.
Тренинг доирасида “Қийноқларни ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ёки жазони самарали тергов қилиш ва ҳужжатлаштириш (Инстанбул протоколи)” қўлланмасининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбир сўнгида тренинг иштирокчилари қийноқларнинг олдини олиш масалалари бўйича ўзаро ҳамкорлик қилиш имкониятларини муҳокама қилдилар.
Мазкур тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 22.12.2020
- Кўришлар: 3651
- Чоп этиш