Бугунги кунда Ўзбекистон билан Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланмоқда. Бунда, жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси ўртасида йўлга қўйилган ўзаро яқин муносабатлар алоҳида ўрин тутади.
Куни кеча ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси Котибиятининг Ижрочи директори Мағруб Салим Батт номидан келган хатда ана шу ўзаро ҳамкорликнинг аҳамияти яна бир бор эътироф этилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев таъкидлаганидек, “Инсон ҳуқуқ ва эркинликларига амал қилинишини таъминлаш, ҳар бир шахснинг қадр-қимматини эъзозлаш биз барпо этаётган очиқ, эркин ва адолатли жамиятнинг ажралмас хусусиятидир”.
Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2020 йил май ойида видеоконференцалоқа шаклида бўлиб ўтган ялпи мажлисларида биринчи маротаба Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг ахбороти кўриб чиқилди. Ахборот 2018-2019 йилларда Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларга риоя қилинишининг ҳолатига бағишланган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ахбороти тўғрисида тегишли қарорлар қабул қилди. Хусусан, ҳар икки палата Марказ ахборотида баён этилган муҳим далилий маълумотларни кенг жамоатчиликка етказишни тавсия этди.
Шу асосда "Янги Ўзбекистон ва инсон ҳуқуқлари: Ўзбекистон Республикаси томонидан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларга амал қилинишининг ҳолати" деб номланган ахборот Марказ томонидан бошқа халқаро ташкилотлар қатори Ислом ҳамкорлик ташкилотига ҳам тақдим этилганди. Жиддадан келган хатда, аввало, шу ҳақда сўз боради.
ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси Котибиятининг Ижрочи директори "Янги Ўзбекистон ва инсон ҳуқуқлари" мавзуидаги ахборот билан ИҲТ Комиссиясининг барча аъзоларини таништиришини маълум қилган. "Коронавирус пандемияси туфайли жорий этилган чекловлар олиб ташланиши билан ўтказиладиган Комиссиянинг навбатдаги сессиясида ушбу ахборот матнини ИҲТга аъзо барча давлатлар вакилларига ҳам тақдим этишни режалаштираяпмиз", деб қайд этади у.
Мағруб Салим Батт, шунингдек Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази даврий нашри ҳисобланувчи "Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари" журнали таҳририятининг Халқаро жамоатчилик кенгаши аъзоси бўлишга доир таклифни миннатдорчилик билан қабул қилганини билдирган.
Ўзбекистонда нашр этиладиган мазкур журналнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга тааллуқли глобал масалалар таҳлили, талқини ҳамда тарғиби билан шуғулланадиган етакчи халқаро экспертлари сафида бўлишга чорловингиз мен учун катта шарафдир, деб таъкидлайди доктор М. Салим Батт.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 08.06.2020
- Кўришлар: 4310
- Чоп этиш