Карантинда ўқинг: янги китоб

Юртимиз зиёлилари коронавирус карантини даврида мутолаа қилиш учун мунтазам равишда янги ва сара китобларни тавсия этиб келмоқдалар. Шундай китоблар орасида академик Акмал Саидовнинг "Қиёсий адабиётшуносликка кириш" деб номланган салмоқли асари ҳам бор.

Таниқли адиб, олим ва журналист Хуршид Дўстмуҳаммаднинг 2020 йил 1 майда "Янги Ўзбекистон" газетасида эълон қилинган "Саёҳатга марҳамат!" сарлавҳали таҳлилий мақоласида ушбу китоб ҳақида сўз боради. Китоб, аввало, қамровнинг кенглиги, мундарижанинг бойлиги, мавзуга ниҳоятда бағрикенгликда ва холис ёндашилгани билан эътиборни тортади, дейилади мақолада.

Ўзбек китобхонларига бирмунча яхши таниш Шекспир, Гёте, По, Гюго, Бальзак, Жойс, Кафка, Т.Манн, Камю, Моруа, Абэ сингари бадиий сўз даҳолари қатори, номлари ва асарлари мамлакатимиз китобхонлари орасида ҳали у қадар оммалашмаган Маалуф, Гендель, Лессинг, Хофман,

Д.Глаттауэр, Ф.Вюртле, Н.Кун, Х.Арреола, М.Ян, Л.Шэ, Л.Ёль бадиий оламлари инкишоф этилади. Шу билан бир вақтда китобдан ўрин олган ҳеч бир ижодкорга доир тадқиқотлар тугаллик ва муфассалликка даъво қилмаслиги табиий.

Зеро, жаҳон адабиёти салафларининг бадиий дунёсини қиёсий ўрганишга киришишни бамисоли баҳри уммон қаърига шўнғиган ғаввослар меҳнатига қиёслаш мумкин — мароқли изланишларнинг адоғи асло кўринмайди. Муҳими, қайси саҳифага кўз югуртирмасин, китобхон кўнглининг бир чеккасида беихтиёр замонавий ўзбек адабиёти, адабиётимиз намояндалари ижодини қиёслашга ва муайян хулосалар чиқаришга киришиб кетганини ўзи ҳам сезмай қолади. Бу ҳам сўз юритилаётган китобнинг ютуғидир, албатта.

Катта ҳажмли китоб мутолаасига киришишни олис-олис юртларга саёҳатга ўхшатишади. Халқимизнинг “Ўз уйим — ўлан тўшагим” нақли замиридаги ҳикмат нақадар чуқурлигини бутун дунё аҳли ўз тажрибасида англаб турган айни кунларда астойдил саёҳатга отланиш ниятингиз борми? Марҳамат, Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан янгигина чоп этилган, академик Акмал Саидов қаламига мансуб “Қиёсий адабиётшуносликка кириш” (770 саҳифа!) китоби сизларни дунёнинг манаман деган давлатларига, башариятга ўлмас маънавий мерослар қолдирган буюк зотлар ижод дунёсига бошлаб боради. Шуниси аниқки, бу сафар-саёҳат сизларга улкан ва бой таассуротлар ҳадя этади, деб ёзади мақола муаллифи.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech