12 февраль куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов раҳбарлигидаги делегация аъзолари Буюк Британия Қироличаси ҳузуридаги Болаларни ҳибсда сақлаш жойлари инспекцияси раҳбари Ангус Мульреди-Жонс ва Инспекциянинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги сиёсат бўлими бошлиғи Жейд Глинистер билан учрашди.
Мулоқот чоғида Буюк Британиянинг Миллий превентив механизми билан танишилди. Мамлакатда қамоқхоналарни инспекция қилиш амалиёти қарийб 200 йиллик тарихга эга. Айни вақтда мамлакатда 22 та ташкилотга миллий превентив механизм ваколатлари берилган бўлиб, Болаларни ҳибсда сақлаш жойлари инспекцияси шулардан биридир.
Инспекция бир йилда салкам 20 та қамоқхонани ўрганади. Ёшлар сақланадиган турмаларда - 1 йилда, катталар қамоқхоналарида - 3 йилда, шунга ўхшаш бошқа муассасаларда эса 5 йилда бир марта инспекция ўтказилади. Агар ўрганишлар якуни бўйича киритилган тавсиялар бажарилиши борасида салбий натижалар кузатилса, ўша қамоқхонада 8-12 ой ичида такрорий инспекция ўтказилади.
Мулоқот давомида Болаларни ҳибсда сақлаш жойлари инспекцияси Буюк Британиянинг миллий превентив механизм ваколатлари берилган барча органлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш билан шуғулланишига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон Президентининг қарори асосида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига ҳам миллий превентив механизм ваколатлари берилгани қайд этилди.
Томонлар бу борадаги ўзаро ҳамкорлик истиқболларини атрофлича муҳокама қилдилар.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 13.02.2020
- Кўришлар: 4320
- Чоп этиш