Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 7 февралдаги ПҚ-46-сон Қарори ва унга илова Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг ижроси юзасидан 2024 йил 25 июль ҳолатидаги мониторинг натижаларига кўра қуйидагиларни маълум қилади.
Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” 7 та йўналиш, 30 та банддан иборат бўлиб, шундан 13 та банди ( 43.3 %) бажарилган, 16 та банд (53.3 %) бажарилмоқда, 1 та банд (3.3 %) тўлиқ бажарилмаган.
Қарор ижроси доирасида қуйидаги ишлар амалга оширилди:
Биринчидан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 11 та тиббиёт олий таълим муассасаларининг барча таълим йўналишлари учун “Инсон ҳуқуқлари” ўқув дастури ишлаб чиқилди ва тасдиқланди ҳамда 2023/2024-ўқув йилида жами 11 та тиббиёт олий таълим муассасаларининг барча 3-босқич талабалари учун мазкур “Инсон ҳуқуқлари” модул дастури асосида жами 60 соат, шундан 30 соат аудитор ва 30 соат мустақил таълимда ўқув жараёни ташкил этилди.
Иккинчидан, Давлат ташкилотлари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари учун қийноқларни олдини олиш бўйича 5 та, ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари мавзусида 20 дан ортиқ ҳамда мигрантлар ҳуқуқлари бўйича 5 та ва инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглиги мавзусида 15 та ўқув курслари ташкил этилди.
Хусусан, Давлат бошқаруви академияси ҳудудий филиалларида 1 245 нафар ҳудудлардаги ўрта ва қуйи бўғин раҳбар кадрлари учун 1 ҳафталик ўқув курслари мунтазам ташкил этилмоқда. 2024 йилнинг январь-июнь ойларида Миллий кадрлар захирасига киритилган 667 нафар номзодлар, 807 нафар таркибий бўлинма раҳбарлари, туман (шаҳар) прокуратура,ички ишлар ва солиқ органлари, жами 49 нафар раҳбар кадрлари учун малака ошириш курслари бўлиб ўтди.
Шунингдек, Республиканинг 5 та ҳудудида – Тошкент вилояти (30 апрель ва 1 май), Қорақалпоғистон Республикаси (21-22 май) ва Хоразм вилояти (23-24 май), Сурхондарё вилояти (2-3 июль), Қашқадарё (4-5 июль) вилоятларида “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусида ўқув курслари ташкил этилди. Ўқув курсларида ҳар бир ҳудуддан терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасаларининг жами 309 нафар ходимлари иштирок этди.
Бундан ташқари, 2024 йил 14-17 май кунлари ИҲММ мажлислар залида “Инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уни ҳимоя қилишнинг халқаро стандартлари: амалиёт ва ҳисобот” мавзусида онлайн ва офлайн форматда ўқув курслари ташкил этилди.
Машғулотларда Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини бажаришда фаол иштирок этаётган вазирлик ва идораларнинг 20 дан ортиқ масъул ходими қатнашди.
2024 йил январь-июнь ойлари давомида Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Сурҳандарё, Фарғона, Хоразм вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Давлат меҳнат назорат инспекцияси ходимлари томонидан ҳудудлардаги корхона ва ташкилотларда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари бўйича семинар-тренинглар дастури асосида, уларнинг меҳнат ҳуқуқлари бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди.
Ўзбекистон Республикаси янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси билан биргаликда ногиронлиги бўлган шахсларнинг меҳнат ҳуқуқлари бўйича жойларда 170 маротаба семинар-тренинглар ташкил этилди. Семинар йиғилишларида 3074 тага яқин ходимлар иштирок этди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси билан биргаликда ногиронлиги бўлган шахсларнинг меҳнат ҳуқуқлари бўйича жойларда оммавий ахборот воситаларида 20 та маротаба чиқишлар қилинган бўлиб, шундан маҳаллий рўзномаларда 9 маротаба чиқишлар ташкил этилган.
2024 йил йил 25-27 март кунлари Миграция бўйича халқаро ташкилотнинг Ўзбекистон Республикасидаги ваколатхонаси томонидан “Ўзбекистон фуқаролари Буюк Британияда хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат қилиш” мавзусида тадбир ташкил этилди.
Учинчидан, Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва тарбияни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари миллий тизими ҳақида туркум радио ва теледастурлар, кўрсатувлар Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “O‘zbekiston 24”, “Yoshlar”, “Toshkent”, “Dunyo bo‘ylab” телерадиоканалларида эфирга узатилмоқда.
2024 йил 1-ярим йиллигида жами 111 та материал ОАВда эълон қилинган. Шулардан босма нашрларда 13 та, ижтимоий тармоқларда 33 та, “Телеграм” мессенжерида 35 та, Интернет веб-сайтларида 8 та, республика телеканалларида 16 та, радиоканалларида 6 та материал чоп этилди.
Шунингдек, Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастури ижроси доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан ҳамкорликда 3 та мониторинг ўтказилди. Мониторинг давомида “Инсон ҳуқуқлари”, “Аёллар ҳуқуқлари” ва “Бола ҳуқуқлари” фанларини ўқитиш сифати ўрганилди. Мониторинг ўтказилган таълим муассасалари ахборот-ресурс марказларининг ҳар бирига 80 та китобдан иборат адабиёт жамланмалари топширилди. Хусусан мониторинг қуйидаги ҳудудларда ўтказилди:
1. 2024 йил 21-22 май кунлари Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети, Қорақалпоғистон Республикаси Юридик техникуми, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Қорақалпоқ академик лицейида
2. 2024 йил 27 май куни Урганч давлат университетида
3. 2024 йил 2-3 июль кунлари Қашқадарё вилояти Термиз муҳандислик-технология институти, Термиз давлат педагогика институти, Термиз давлат университетида.
- Қўшилди: 29.07.2024
- Кўришлар: 1776
- Чоп этиш