Парламентлараро Иттифоқ бош котиби Хивада

Мамлакатимизда ўтказилган Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси иштирокчилари тадбир баҳонасида юртимизнинг тарихий шаҳарлари, диққатга сазовор масканларида ҳам бўлишмоқда.

Парламентлараро иттифоқ бош котиби Мартин Чунгонг ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти соғлиқ хавфсизлиги департаменти директори Стелла Чунгонг Хоразмга ташриф буюришди.

Мартабали меҳмонлар Урганч халқаро аэропортида вилоят ҳокимлиги масъуллари томонидан тантанали кутиб олинди.

Хорижий меҳмонлар масъуллар ҳамроҳлигида кўҳна Хива шаҳрида жойлашган «Ичан қалъа» мажмуасини томоша қилди. Улар халқимизнинг ўзига хос анъаналари ва асрлар оша сақланиб келаётган бой тарихи, маданий мероси билан яқиндан танишдилар.

Қадимий миноралар, савдо расталари, ҳунармандчилик устахоналари меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Улар бу бебаҳо меросимизга юксак баҳо бериб, «Ичан қалъа»нинг ўзига хослиги ва бетакрор архитектурасидан катта таассурот олдилар.  

Меҳмонларга Хоразм воҳасининг миллий таомлари, халқ амалий санъати намуналаридан иборат кўргазмалар намойиш этилиб, халфачилик санъати намуналари тингланиб, миллий рақслар ижро этилди.

–  Биз мамлакатингизда бўлиб, Парламентлараро иттифоқнинг юбилей ассамблеясини ўтказдик, – дейди  Парламентлараро иттифоқ бош котиби Мартин Чунгонг. – Ташкилотчилик жуда юқори савияда бўлди.  Бунинг учун миннатдорчилик билдирамиз. Бундан ташқари, кеча пойтахтингизда ёшларга яратилган шарт-шароит ва имкониятлар билан танишиб, Ўзбекистонда жуда кўплаб ёш истеъдод эгалари борлигига гувоҳ бўлдик. Бугунги сафаримиз давомида дунё цивилизациясида алоҳида ўринга эга бўлган Хоразм тарихи билан яқиндан танишдик. Хива жуда ажойиб шаҳар экан. Ўзимни ҳудди эртаклардаги шаҳарда юргандек ҳис қилмоқдаман. Ўтмишда мавжуд бўлган давлатчилик анъаналари Янги Ўзбекистоннинг порлоқ келажаги учун тамал тоши, десак янглишмаймиз. Саёҳатимиз давомида халқингизнинг маданияти, либослари эътиборимизни тортди.  Хоразм  патир ва нонларининг тайёрланишига гувоҳ бўлдик. Қисқаси, кўҳна воҳага бўлган сафаримиз таассуротларимизни янада бойитди.  

Аҳмаджон Шокиров,

Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech