Қатар конференцияси:  Сунъий интеллект ва инсон ҳуқуқлари

27-28 май кунлари Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида "Сунъий интеллект ва инсон ҳуқуқлари: имкониятлар, хавф-хатарлар ва ёрқин келажак тасаввури" мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтмоқда. Форумда Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этмоқда.

Халқаро конференция Қатар Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий қўмитаси томонидан ўтказилмоқда. Тадбир БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси, БМТ Тараққиёт дастури ва Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар глобал альянси кўмагида ташкил этилди.

Анжуманнинг очилишида Қатар Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий қўмитаси раиси Марям бинт Абдулла ал-Аттия, Қатар Алоқа ва ахборот технологиялари вазири Муҳаммад бин Али ал-Маннаи, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий кенгаш раиси Амина Буаяш (Марокаш), Араб парламенти раиси Муҳаммад Аҳмад ал-Ямаҳий, Киберхавфсизлик бўйича миллий агентлик ва БМТнинг Тараққиёт дастури вакиллари сўзга чиқдилар.

Анжуман давомида Ўзбекистон делегацияси раҳбари – Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси аъзоси Акмал Саидов сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш соҳасидаги миллий тажриба ҳақида тўхталди. У инсон ҳуқуқлари ҳимоясини ва ахлоқий жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда cунъий интеллект технологияларини ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади.

А.Саидов Ўзбекистонда 2030 йилгача сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш бўйича Миллий стратегия тасдиқлангани, унда техник устувор вазифалар билан бир қаторда рақамли трансформациянинг ижтимоий ва ахлоқий жиҳатларига ҳам эътибор қаратилганини қайд этди. Янги иш ўринлари яратишга, таълим тизимини қўллаб-қувватлашга ва аҳолининг рақамли саводхонлигини оширишга ёрдам берадиган сунъий интеллект ечимларини ишлаб чиқиш ушбу Стратегиянинг асосий йўналишлари ҳисобланади.

Бугунги кунда мамлакатда ИТ-компетенциялар ва рақамли кўникмаларни ривожлантиришга қаратилган миллий дастурлар фаол амалга оширилмоқда. Шунингдек, сунъий интеллект тўғрисидаги қонун биринчи ўқишда қабул қилинган, бу эса Янги Ўзбекистонда жадал технологик ривожланиш шароитида ҳуқуқий базани шакллантиришга интилиш кучли эканидан далолат беради.

Қатардаги конференцияда дунёнинг 70 дан ортиқ мамлакатидан 400 дан ортиқ иштирокчи жам бўлди. Халқаро анжуман ишида, жумладан, ҳукуматлар, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, халқаро ташкилотлар, академик тузилмалар, хусусий сектор вакиллари, шунингдек, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект соҳаси экспертлари қатнашмоқда.

Тадбирнинг бундай кенг кўлами нафақат мавзунинг долзарблигини, балки сунъий интеллектни инсон ҳуқуқларига риоя қилиш нуқтаи назаридан тартибга солиш борасида ягона ёндашувларни ишлаб чиқишга глобал қизиқиш ортиб бораётганини ҳам кўрсатмоқда. Конференция доирасида инсон ҳуқуқлари, ахлоқ ва барқарор ривожланиш соҳасидаги халқаро стандартлар асосида сунъий интеллектни тартибга солиш бўйича мувозанатли ёндашувлар ишлаб чиқилади.

Ўзбекистон делегациясининг айни Форумдаги иштироки, бир томондан, мамлакатнинг глобал инсон ҳуқуқлари кун тартибидаги фаол иштирокини англатади. Иккинчи томондан, бу иштирок давлатимизнинг халқаро мулоқотни мустаҳкамлаш, қонун устуворлиги, очиқлик тамойилларини илгари суриш ва инклюзив рақамли экотизимни яратишга қаратилган изчил ташқи сиёсат стратегиясини ҳам акс эттиради. Ўзбекистон томони сунъий интеллектни ахлоқий тартибга солиш, давлат институтларини рақамли трансформация қилиш ва жадал рақамлаштириш шароитида инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги миллий тажриба ва ишланмаларни тақдим этиш ниятидадир.

Конференция доирасида кенг кўламли мавзуларни муҳокама қилиш режалаштирилган. Жумладан, рақамли маконда шахсий маълумотлар ҳимоясини таъминлаш; сунъий интеллектнинг демократик жараёнларга таъсири, фикр билдириш эркинлиги ва ахборотдан фойдаланиш имконияти; мудофаа ва разведка технологиялари контекстида рақамли хавфсизлик ва инсон ҳуқуқларига риоя қилиш масалалари атрофлича кўриб чиқилади.

Форум дастурида рақамли ечимларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларга мувофиқлигини таъминлайдиган сиёсат ва стратегияларни шакллантиришда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ролига алоҳида эътибор қаратилган. Ўзбекистон делегацияси тегишли шўъба мажлисларида иштирок этиб, рақамлаштириш шароитида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги миллий тажрибани тақдим этмоқда.

Конференция 28 майда сунъий интеллект технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий этишда инсон ҳуқуқларига риоя қилиш бўйича тавсияларни ўз ичига олган Якуний ҳужжатни қабул қилиш билан якунланади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

UzDaily.uz

"Дунё" АА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech