“Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони совриндорларига топширилди
10 декабрь куни пойтахтимиздаги Инсон ҳуқуқлари уйида Халқаро инсон ҳуқуқлари кунига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг миллий ва халқаро ҳамкорлари, мамлакатимиз вилоятлари марказларидаги кутубхоналар ходимлари, Миллий марказнинг Жамоатчилик кенгаши аъзолари иштирок этди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори академик Акмал Саидов тадбирни очар экан, халқаро ҳамжамият томонидан 1948 йили Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилингани ва ушбу халқаро-ҳуқуқий ҳужжатга дунё аҳли эътиборини жалб қилиш мақсадида 1950 йили БМТ Бош Ассамблеяси қарори билан 10 декабрь – Халқаро инсон ҳуқуқлари куни деб эълон қилинганини таъкидлади. Ушбу халқаро сананинг 2025 йилги мавзуси "Инсон ҳуқуқлари – кундалик ҳаётимизнинг ажралмас қисми" шиоридир. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси доирасида мамлакатимизда ҳар йили 1–10 декабрь кунлари "Инсон ҳуқуқлари" ўн кунлиги ўтказиб келинмоқда.
Шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастурининг (БМТТД) мамлакатимиздаги доимий вакили Акико Фудзии ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси элчи Антти Карттунен сўзга чиқиб, инсон ҳуқуқларини ривожлантириш йўлидаги самарали ҳамкорлик учун миннатдорчилик изҳор этди. Ўзбекистон Ҳукуматининг бу борадаги саъй-ҳаракатлари келгусида ҳам изчил қўллаб-қувватланишига ишонч билдирилди.
Тадбир давомида Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги амалий ишлари, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги нодавлат ташкилотлардаги фаолияти, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим, фан ва тарғибот ҳамда халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун бир гуруҳ фуқаролар, халқаро ташкилотлар ҳамда давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони билан тақдирланди. Жумладан:

I. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги амалий ишлари учун:
● Хужамбердиев Мамазаир Ахмедович – Андижон давлат тиббиёт институти факультет терапия кафедраси мудири;
● Артикова Светлана Баймирзаевна – Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари;

● Абдусаломов Мирза-Улуғбек Элчиевич – Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг раиси;
● Нурматова Мукарам Аҳмедовна – Ўзбекистон Республикаси Хотин- қизлар қўмитаси раиси ўринбосари;
● Турдиев Рустамбек Абдуназарович – Халқ депутатлари Кенгаши Сирдарё вилояти эксперт гуруҳи аъзоси;

II. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги нодавлат ташкилотлардаги фаолияти учун:
● Мингбоев Убайдулла Қурбонович – Ўзбекистон Судьялари ассоциациясининг раиси;

● Тешабаева Умида Алимджановна – Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори;

● Тошкент шаҳар “SHAROIT PLUS” ногиронлар жамияти бирлашмаси;

● Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси;

III. Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва фанга қўшган ҳиссаси учун:
● Рустамбаев Мирзаюсуп Ҳакимович – Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети бошлиғи;

● Кутибаева Елизавета Дуйсенбаевна – Қорақалпоқ давлат университети кафедраси профессори;

● Тошев Бобокул Норкобилович – Санъаткор, ижодкор ва ижрочиларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш палатаси Бошқаруви раисининг маслаҳатчиси;

● Тургунов Илҳом Тургунович – Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси марказий девони Юридик таъминлаш ва мурожаатлар билан ишлаш бошқармаси бошлиғи;

IV. Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги тарғиботга қўшган ҳиссаси учун:
● Худойбердиев Хушнуд Ғайратович – Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Бош директорининг биринчи ўринбосари;

● Эрназаров Эркин Мадиёрович – “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали бош муҳаррири;

● “Класс” газетаси – болалар ва ўсмирларнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий нашри;

● Эшмуродов Арслон Ҳусанович – “Одиллик мезони” илмий-амалий, ҳуқуқий журнали бош муҳаррири;

V. Инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун:
● Хабриева Талия Ярулловна – Россия Федерацияси Ҳукумати ҳузуридаги Қонунчилик ва қиёсий ҳуқуқшунослик институти директори;

● Азамат Шамбилов – “Centre for Development and Justice International” (CDJI) халқаро нодавлат ташкилоти раҳбари;

● Чангрок Сох – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари қўмитаси раиси.

Бундан ташқари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Жамоатчилик кенгашининг фаол аъзолари ва халқаро ҳамкорлар Миллий марказнинг ташаккурномалари билан тақдирланди.

Маълумот учун: “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони Президентимизнинг 2020 йил 22 июндаги “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони асосида, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан таъсис этилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
«Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририяти»
Ўзбекча
English
Русский