Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги конвенция ижроси юзасидан Ўзбекистоннинг навбатдаги даврий маърузаси кўриб чиқилди

21-22 апрель кунлари Женева шаҳрида БМТ Ирқий камситишни тугатиш қўмитасининг 117-сессияси бўлиб ўтди. Унда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори ўринбосари Дилноза Муратова бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси иштирок этди.

Ўзбекистон делегацияси таркиби Олий Мажлис Сенати, Олий суд,  Ички ишлар вазирлиги, Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги вакилларидан иборат.

Тадбирда асосан БМТ Конвенцияси қоидаларининг бажарилишини таъминлаш борасида эришилган натижалар ошкора ва конструктив муҳокама қилинди. Мажлис якунида БМТнинг тегишли Қўмитаси даврий ҳисоботни кўриб чиқиш якунлари юзасидан таклиф ва тавсиялар тақдим этди  ва мазкур тавсиялар мамлакатнинг инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги кейинги ислоҳотлари учун муҳим йўналиш вазифасини ўтайди.

Конвенция қоидаларини амалга ошириш юзасидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази тайёрлаган Ўн учинчи – Ўн тўртинчи даврий маъруза 2020–2022 йилларда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотларни ўз ичига олган. Ушбу маърузани тайёрлашда 40 дан ортиқ давлат органи ҳамда 20 дан ортиқ фуқаролик жамияти институти иштирок этган.

Ўзбекистон маърузасида Конвенция қоидаларининг моддама-модда амалга оширилиши, миллий қонунчиликка киритилган сўнгги ўзгаришлар ва ирқий камситишга қарши курашиш борасидаги ютуқлар батафсил баён этилган. Унда, хусусан:

– ирқий камситишни бартараф этиш соҳасидаги давлат сиёсатининг изчил амалга оширилиши;

– барча шахслар учун миллий, ирқий ва этник келиб чиқишидан қатъи назар тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаш;

– жамиятдаги нотўғри, яъни “эски қолипли” қарашларни бартараф этишга оид тизимли чора-тадбирлар;

– сиёсий ва ижтимоий ҳаётда, таълим, бандлик, соғлиқни сақлаш, ижтимоий-иқтисодий ва халқаро ҳамкорлик соҳаларида камситишга йўл қўймаслик бўйича амалга оширилаётган аниқ чоралар;

– миллатлараро тотувлик ва ўзаро ҳурматни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи таълим-тарбия дастурларининг кенгайтирилиши каби йўналишлар қамраб олинган.

Маълумот учун: Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги конвенцияси БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1965 йил 21 декабрда қабул қилинган ва халқаро инсон ҳуқуқлари ҳимоясининг асосий ҳужжатларидан бири ҳисобланади. Конвенция ирқ, ранг, насл, миллий ёки этник келиб чиқишга асосланган ҳар қандай камситишни тақиқлайди ва иштирокчи давлатларни тенглик тамойилини мустаҳкамлаш бўйича аниқ мажбуриятлар олишга даъват этади.

Ўзбекистон Республикаси мазкур Конвенцияга Олий Мажлиснинг 1995 йил 31 августдаги қарори асосида қўшилган. Шу даврдан буён мамлакат Конвенция бўйича мунтазам равишда даврий маъруза тақдим этиб келмоқда ва БМТнинг Ирқий камситишни тугатиш қўмитаси тавсияларини амалга оширишда фаол иштирок этмоқда.

Ирқий камситишни тугатиш қўмитаси БМТнинг шартномавий органи бўлиб, Конвенция қоидаларининг иштирокчи давлатлар томонидан бажарилишини мониторинг қилиб боради. Бугунги кунда Қўмита таркибида 18 нафар мустақил эксперт фаолият юритади – улар турли мамлакатларнинг юқори малакали ҳуқуқшунослари ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги мутахассислардан иборат.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech