Ўзбекистон делегацияси Беларусдаги пенитенциар муассасага ташриф буюрди
Ўзбекистон делегацияси Беларусь Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш департаментига қарашли Тергов ҳибсхонаси ва Маҳкумлар учун республика шифохонасини бориб кўрди. Ушбу тадбир делегациямиз аъзоларининг Минск шаҳрида бўлиб ўтган МДҲ Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссиясининг халқаро анжуманидаги иштироки доирасида ташкил этилди.
Тадбирда МДҲ Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси аъзоси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари М.Тиллабоев, Омбудсман девонининг етакчи маслаҳатчиси Д.Тўраев, Ўзбекистон Республикасининг Минск шаҳридаги консули Н.Усаров ҳамда МДҲ Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси раиси Е. Парамонова иштирок этди.
Бунда пенитенциар муассасада сақланаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан учрашув ўтказиш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши масалаларини ўрганиш ҳамда зарур консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш масалалари асосий диққат марказида бўлди.
Ташриф чоғида тергов ҳибсхонасида сақланаётган Ўзбекистон фуқаролари билан суҳбат ўтказилди. Уларга ўз ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, ваколатли органларга мурожаат қилиш имкониятлари ҳамда консуллик муассасаси билан ўзаро алоқа қилиш тартибига оид айрим масалалар тушунтирилди.
Мулоқот асносида ҳибсхонасида сақланаётган юртдошларимизнинг процессуал кафолатларга риоя этиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тартиби тўғрисида зарур ахборот олишини таъминлаш ҳолатлари ўрганилди. Уларнинг консуллик ёрдамидан фойдаланиш имкониятини яратиш, шунингдек, яқинлари билан алоқа қилиб туриши каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Мамлакатмиз делегациясининг мазкур тергов ҳибсхонасида бўлиши ва Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан учрашиши МДҲ Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси фаолияти доирасида давлатлараро ҳамкорликни мустаҳкамлашга, Беларусь Республикаси ҳудудида бўлиб турган фуқароларимизни ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган муҳим амалий тадбир бўлди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Ўзбекча
English
Русский